7,9 минг нафардан зиёд нуроний саёҳат қилди
Шу йилнинг 1–30 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб «Кексалар учун туризм ойлиги» ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида вилоятимизда ҳам нуронийларнинг тарихий обидалар, музейлар, театрлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор масканларга саёҳати ташкил этилмоқда.
- Шу кунга қадар 7 минг 900 нафардан зиёд нуронийнинг саёҳатлари уюштирилди, - дейди «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Донақул Тошбоев. - Жумладан, Иштихон туманидан бир гуруҳ нуронийлар Хоразм вилоятига, Пайариқ тумани кексалари Фарғона ва Андижон вилоятларига, Самарқанд тумани нуронийлари Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятида жойлашган Аҳмад Яссавий мажмуасига, Нарпай тумани нуронийлари Қашқадарё вилоятига, Самарқанд шаҳри кексалари эса Зомин дам олиш масканига саёҳат қилдилар.
Нуронийларнинг мазмунли дам олиши ва юртимиз бўйлаб саёҳат қилишини таъминлаш борасидаги ишлар фақат туризм ойлиги билан чекланиб қолмаяпти. Хусусан, ички туризм доирасида вилоят бўйлаб 13 минг 732 нафардан ортиқ, республикамизнинг бошқа ҳудудларига эса 7 минг 420 нафар нуронийнинг саёҳат ва зиёратлари ташкил этилди.
Шунингдек, кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллаларда 32 минг нафардан зиёд нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ногиронлиги бўлган 436 нафар фахрийлар реабилитация воситалари — ногиронлик аравачалари, ҳассалар, қўлтиқтаёқлар ва эшитиш мосламалари билан таъминланди. 2 минг 417 нафар ёлғиз яшовчи ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 1168 нафар нуронийга зарур дори-дармон воситалари билан таъминланди.