Старлинк қурилмасини ноқонуний олиб кириш ҳолати аниқланди

Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, Старлинк сунъий йўлдош алоқа қурилмасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тегишли рухсатномаларсиз олиб кириш ва ундан фойдаланиш тақиқланган. Шунга қарамасдан, айрим ҳолларда фуқаролар томонидан мазкур қурилмани чегара божхона постлари орқали ноқонуний равишда олиб киришга уринишлар кузатилмоқда.

Жумладан, “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари томонидан ана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилди. Қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаро бошқарувидаги “Мерcедес Бенз” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Текширув жараёнида транспорт воситасининг багаж қисмида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, шунингдек, тегишли рухсатномаси мавжуд бўлмаган, қиймати тахминан 6 миллион сўмлик 1 дона Старлинк қурилмаси борлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Самарқанд вилояти электромагнит мослашув хизмати томонидан берилган хулосага кўра, мазкур орбитал сунъий йўлдош алоқа қурилмасини республика ҳудудига махсус рухсатномаларсиз олиб кириш ва ишлатиш мумкин эмаслиги яна бир бор тасдиқланди.

Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.