Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этмоқда
Президент иштирокида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ўтказилаётган жойда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилинмоқда.
Бу ердаги «Яшил» университет ҳудудида «Илм – лойиҳа – амалиёт» занжири асосида барпо этилаётган «ин-витро» лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.
Президентимиз тадбир қатнашчилари билан биргаликда Миллий дендрология боғининг илк 5 гектарида манзарали кўчатлар экишга киришди.
Бу билан бир вақтда республикамиз ҳудудларида 21 мингга яқин юртдошларимиз яна 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазади.

Давлатимиз раҳбари маҳалла раислари, отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари, барча фаолларга мурожаат қилиб, жойларда миллий урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимизни янада кенгроқ тарғиб қилишга, маҳалла аҳолисини ҳамжиҳатлик ва аҳиллик руҳида мана шундай эзгу ишларга чорлашга, клублар, жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда ёшларга бош бўлишга чақирди.
- Зеро, яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак демак! – деди давлатимиз раҳбари.