15 нафар мактаб директори билан шартнома бекор қилинган, 70 нафар масъулга интизомий чора кўрилган
Матбуот уйида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Рустам Йўлдошев ва бошқарма масъуллари иштирокида шу йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар, тизимдаги муаммо ва камчиликлар, галдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда журналист ва блогерларнинг вилоятда мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш, болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш, таълим муассасаларининг шакли ва мазмунига алоҳида эътибор қаратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича саволларига атрофлича жавоб берилди.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда вилоятдаги 782 та давлат, 3661 та хусусий ва давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 288 минг 947 нафар, яъни мактабгача ёшдаги болаларнинг 73,6 фоизи қамраб олинган. Шунингдек, 1275 та давлат ва 55 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаблари, 19 та ихтисослаштирилган таълим муассасаси ва 1 та Президент мактабида 789 минг 231 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг таълим-тарбияси билан 62 минг 556 нафар педагог ходимлар самарали меҳнат қилмоқда.
- Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрдаги “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятдаги 83 та умумтаълим мактабида (шундан 3 та янги қурилиш, 70 та реконструкция ва 10 та мукаммал таъмирлаш) ҳамда 26 та мактабгача таълим ташкилотида (10 та янги қурилиш, 13 та реконструкция ва 3 та мукаммал таъмирлаш) ишлар амалга оширилиши белгиланган, - дейди Рустам Йўлдошев. - Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси томонидан 108 та таълим муассасасидан 104 таси бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва комплекс экспертиза хулосаси олиш учун тақдим этилган. Шулардан 59 таси бўйича ижобий хулоса олинган бўлиб, улар пудратчи ташкилотларни аниқлаш мақсадида тендер савдоларига чиқарилган. Айни пайтда 14 та таълим муассасасида пудратчи ташкилотлар аниқланиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастурининг жорий йилги биринчи мавсумида 62 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Уларнинг 50 таси умумтаълим мактабларида, 12 таси эса мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда моддий-техник базани яхшилашга қаратилган. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир лойиҳага ўртача ҳисобда 1,6 миллиард сўм маблағ аҳоли овоз бериш жараёни орқали ажратилган бўлиб, ҳозирда улар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқарма тизимидаги “маш-машалар” бўйича хизмат текшируви олиб борилаётгани ва тез орада бу бўйича хулосалар эълон қилиниши айтиб ўтилди. Шунингдек, ўтган йилда ўқитувчиларни ишга олиш, ўқувчиларни мактабларга жойлаштириш бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 15 нафар мактаб директори ва унинг ўринбосарлари билан шартнома бекор қилинган бўлса, 70 нафарига интизомий чоралар кўрилган.