Автобозорлардаги фирибгарликка қарши янги чора белгиланди

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу қонун жамиятда адолат ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, фуқаролар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва суд тизими шаффофлигини таъминлашни назарда тутади.

Кодексга янги 178-2-модда киритилмоқда. Унга кўра, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометри кўрсаткичи ўзгартирилгани ёки алмаштирилгани ҳақида харидорни огоҳлантирмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Бу норма истеъмолчиларнинг ҳаққоний маълумот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилади ва автомобиль бозоридаги фирибгарликларни камайтиришга хизмат қилади.

Қонун вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам кучайтиради. Энди вояга етмаганлар иштирокидаги ишлар кўрилганда педагог ёки психолог иштироки мажбурий бўлади. Бу болаларнинг руҳий ҳолатини ҳисобга олиш ва уларни турли босимлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, маъмурий ишлар бўйича “рад қилиш” ва “ўзини ўзи рад этиш” тартиби жорий этилмоқда. Бу қарорларнинг холис чиқишини таъминлайди.

Транспорт бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Бу масала фақат суд томонидан белгиланган шартлар асосида кўриб чиқилади.

Сенаторлар қонун маъмурий жавобгарлик тизимини инсонпарварлик ва адолат асосида ислоҳ қилишга хизмат қилишини таъкидлади.

Сенаторлар қонунни маъқуллади.