Пиротехникадан фойдаланиш тартибга солинади
Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўн биринчи ялпи мажлисида “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Ҳужжат пиротехника воситалари таърифи, хавфлилик синфлари, айланма тартиби ва давлат назоратини аниқ белгилайди, шунингдек, маъмурий жазоларни кескин оширади.
Аслида пиротехника воситаларининг қонунга хилоф муомаласига қарши чоралар тизимли равишда кучайтирилмоқда. Бироқ четдан ноқонуний олиб кириш ҳолатларини тўлиқ чеклаш қийин бўлгани учун чеклов ва тартибларга қонун даражасида аниқлик киритиш зарурати туғилганди.
Шу боис пиротехника буюмлари хавфлилик даражасига кўра 5 тоифага бўлинмоқда. Қонунга кўра, I тоифага кирувчи, хавфли ҳудуд радиуси 0,5 метрдан ошмайдиган пиротехника буюмлари эркин муомалада бўлади. Қолган тоифадаги пиротехника воситалари муомаласи тақиқланмоқда.
Қонун билан пиротехника буюмлари тушунчаси очиб берилиб, пиротехник таркибнинг ёниши (портлаши) ёрдамида оптик, акустик, электр ва бошқа визуал эффектларни ҳосил қилиш учун мўлжалланган қурилмалар пиротехника буюмлари тоифасига кириши, пиротехника буюмлари уларнинг хавфлилик зонаси, шу жумладан, атрофдаги фазонинг зарарланиш даражасидан келиб чиқиб, хавфлиликнинг I-V синфларига бўлиниши белгиланмоқда.
Пиротехника буюмларининг эркин ва чекланган муомаласи белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, қонун билан хавфлиликнинг I тоифасига кирувчи пиротехника воситалари, яъни бенгал маёқчалари, стол фонтанлари, хлопушка каби хавфли ҳудуд радиуси 0,5 метрдан ошмайдиган пиротехника буюмлари эркин муомалада бўлиши аниқ қайд этилмоқда.
Яъни, мазкур тоифага кирувчи пиротехника буюмларини ишлаб чиқариш, уларни сақлаш, фойдаланиш ва бошқа турдаги ҳаракатлар учун ҳеч қандай тақиқ бўлмайди.
Хавфлиликнинг II тоифасига кирувчи пиротехника воситалари, яъни петардалар, очиқ майдонларда фойдаланишга мўлжалланган пиротехник фонтанлар каби хавфли ҳудуд радиуси 5 метргача бўлган пиротехника буюмлари фуқаролар ва жамоат хавфсизлигига юқори хавф манбаи ҳисобланиши сабабли уларнинг муомаласи фуқаролар ва юридик шахслар учун тўлиқ тақиқланиши белгиланмоқда.
Хавфлиликнинг II-V синфларига кирувчи пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариш, тайёрлаш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, жўнатиш, ўтказиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тақиқланмоқда. Бироқ давлат иштирокидаги мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқаришга, тайёрлашга, сақлашга, ташишга ва ўтказишга рухсат берилмоқда.
Хавфлиликнинг III-V синфларига кирувчи пиротехника буюмларини мушакбозлик ташкил этилиши белгиланган оммавий тадбирлар ўтказиш мақсадида, хавфлиликнинг II-V синфларига кирувчи пиротехника буюмларини саноат ва ҳарбий мақсадларда Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга, ташишга, сақлашга ва улардан фойдаланишга рухсат берилиши белгиланмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, пиротехника буюмларининг мушакбозлик ташкил этилиши белгиланган оммавий тадбирларни ўтказиш мақсадидаги муомаласи аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Хусусан, хавфлиликнинг III-V синфларига кирувчи пиротехника буюмларини Ўзбекистон Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ мушакбозлик ташкил этилиши белгиланган оммавий тадбирлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилиши, шунингдек, пиротехника буюмларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.
Пиротехника буюмларининг муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия, ички ишлар ва божхона органлари томонидан амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, пиротехника буюмларининг муомаласи устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқиш, ташиш, ўтказиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш, шунингдек, айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирларни ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланганлик (185−1-модда) учун белгиланган маъмурий жазо чораси кучайтирилмоқда. Жумладан, ушбу турдаги қонунбузарлик учун амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдордаги жарима жазоси — базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача оширилмоқда.
Марям Ниёзова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.