Сенат ишчи гуруҳи Самарқандда аҳоли фаровонлигини оширишга доир ишларни ўрганди
Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Ишчи гуруҳ дастлаб Каттақўрғон давлат педагогика институти фаолиятини кўздан кечирди. Ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган қурилиш ишлари доирасида 1000 ўринли янги ўқув биноси ҳамда 500 ўринли талабалар турар жойи барпо этилган. Айни пайтда институтда физика, кимё, биология ва STEAM лабораториялари ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш имконини бермоқда. Мулоқотлар чоғида таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва ҳудуд эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Иштихон туманидаги “Afrosiyob jeans” МЧЖ Иштихон филиали фаолияти билан танишилди. Корхона йилига 714 минг дона жинси маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 170 та янги иш ўрни яратилган. Сенаторлар ишлаб чиқариш жараёни, меҳнат шароитлари ва экспорт географияси юзасидан фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, Иштихон туманида барча соҳаларни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишилди. Рақамлаштириш орқали аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ортиқча қоғозбозликни қисқартириш ва шаффофликни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида “Кўктепа” маҳалласида “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш, ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ Пайариқ туманида янгидан қурилган Имом ал-Бухорий мажмуасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда мажмуани янада ободонлаштириш, унинг инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, рақамли ахборот ва навигатсия тизимларини жорий этиш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, зиёратчилар оқимини самарали ташкил этиш, транспорт ва сервис хизматларини такомиллаштириш бўйича кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилган.
Сенат Раиси ҳудудларда таълим сифатини ошириш, замонавий иш ўринларини яратиш ва рақамли бошқарув тизимларини кенг жорий этиш барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бирга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Мутасаддиларга илғор тажрибани кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.