Энергетик ичимликлар фойдалими ёки зарарли?
Кейинги йилларда ёшлар орасида энергетик ичимликлар истеъмоли тобора оммалашмоқда. Бироқ мутахассислар уларни мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир тизими учун жиддий хавф туғдиришини таъкидламоқда.
Энергетик ичимликлар таркиби нималардан иборат?
Бундай ичимликлар таркибидаги асосий моддалар:
- кофеин ва гуарана – юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ва қон томирларини торайтиради;
- таурин – кофеин билан бирга юрак мушакларига ортиқча юклама беради;
- шакар ёки сунъий ширинлаштиргичлар – қонда глюкоза миқдорини ошириб, қон томирларига салбий таъсир кўрсатади.
Мунтазам истеъмол қилишнинг оқибатлари
Бир марта истеъмол қилинган энергетик ичимлик организмдан чиқиб кетиши мумкин. Аммо уни тез-тез ёки ҳар куни истеъмол қилиш қатор салбий оқибатларга олиб келади:
- артериал қон босимининг доимий ошиши;
- юрак ритмининг бузилиши (аритмия);
- тромб ҳосил бўлиши хавфининг ортиши;
- инфаркт ва инсульт хавфининг кучайиши;
- қон томирлари деворларининг шикастланиши ва атеросклероз ривожланиши;
- юрак етишмовчилиги хавфининг ортиши.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бош айланиши, юрак тез уриши ёки кўкрак соҳасидаги ноқулайликлар энергетик ичимликларнинг организмга салбий таъсирининг дастлабки белгиси бўлиши мумкин.
Болалар ва ўсмирлар учун мутлақо тавсия этилмайди
Энергетик ичимликлар болалар ҳамда ўсмирлар учун айниқса хавфли. Чунки уларнинг юрак-қон томир тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Бу ичимликлар қон босими ўзгариши, юрак мушаклари касалликлари ва ҳатто оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Спиртли ичимликлар билан аралаштириш хавфли
Энергетик ичимликларни спиртли ичимликлар билан бирга истеъмол қилиш энг хавфли ҳолатлардан бири ҳисобланади. Спирт организмни сувсизлантирса, энергетик ичимлик юрак фаолиятини тезлаштиради. Бу эса юракка икки карра юклама тушириб, оғир асоратлар, ҳатто юрак тўхташи хавфини оширади.
Мутахассис тавсияси
Зарурат туғилган тақдирда ҳам энергетик ичимликларни ҳафтада бир мартадан кўп ва 250 миллилитрдан ортиқ истеъмол қилмаслик тавсия этилади.
Энг муҳими, энергетик ичимликлар организмга янги энергия бермайди. Уларнинг таъсири тугагач, ҳолсизлик, кайфият пасайиши, юрак соҳасида оғриқлар кузатилиши мумкин. Доимий истеъмол эса юрак-қон томир тизимининг эрта қариши, атеросклероз, инфаркт, инсульт ва тўсатдан ўлим хавфини оширади.
Мутахассислар соғлом турмуш тарзи, етарли уйқу, тоза ҳавода сайр қилиш ва мунтазам жисмоний фаолликни сунъий қувват манбаларидан кўра анча хавфсиз ва самарали деб ҳисоблайди.
Гулафзал Амонова, Самарқанд давлат тиббиёт университети патологик анатомия кафедраси доценти (PhD).