Энергетик ичимликлар 70-80 дақиқадан сўнг акс таъсир кўрсата бошлайди
АҚШлик тадқиқотчилар энергетик ичимликлар юракдаги QT интервали (юракнинг электрик систоласи)ни ўртача 2 соатда 10 миллисонияга оширади, деган хулосага келдилар. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати маълум қилди.
"Агар миллисонияларда ўлчанадиган ушбу вақт оралиғи ҳаддан ташқари узун ёки калта бўлса, юрак урушида жиддий ўзгаришлар юз беради. Бу эса ҳаёт учун хавфли бўлган аритмияга олиб келиши мумкин”, деб таъкидлади олимлар.
— Энергетик ичимликлар меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда қонда глюкоза миқдори кўпайиб кетади, — дейди Тошкент тиббиёт академияси Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Гули ШАЙХОВА. — Шакарнинг ортиқча қисми ёғга айланади ва инсулин организмда кўпайиб, қандли диабетга олиб келади. Энг ёмони, одам бу ичимликка беихтиёр боғланиб қолади.
Шифокорларнинг огоҳлантиришича, қувватбахш ичимликлар қисқа муддатда организмга зарарли таъсир кўрсата бошлайди. Лекин таркибида ортофосфат кислотаси борлиги учун буни сезмайсиз.
Масалан, 45 дақиқадан сўнг дофамин ишлаб чиқарилиши ортиб, бош мияда роҳатланиш, қониқиш марказини қўзғатади. 70-80 дақиқадан кейин акс таъсир қилиш вақти бошланиб, организмда ҳолсизлик ҳолатлари юзага келади.
Қолаверса, энергетик ичимликлар асаб тизимини ишдан чиқаради. Руҳий касалликларга чалиниш хавфи ортади, одамларда тажовузкорлик кучаяди. Болаларнинг зеҳни ўтмаслашиб, дарсларни ўзлаштириши пасайиб кетиши, ногирон, ақли заиф фарзандлар туғилиши айни шундай иллатларнинг ҳам асорати, десак хато бўлмайди.