Энергетик ичимликлар ҳақида нималарни биламиз?
Бутун ер юзида энергетик ичимликлар истеъмоли кўпайиб боряпти. Бу ичимликлар асосан кайфиятни кўтариш, жисмоний фаоллик ва сезгирликни оширувчи восита сифатида қабул қилинмоқда.
"Аммо бир қатор давлатларда бу ичимликлар истеъмолига чекловлар бор, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт институти кафедра мудирлари Наргиза Юсупова ҳамда Фирдавс Орипов. - Жумладан, Франция, Дания ва Норвегияда энергетик ичимликларнинг эркин сотилиши расман тақиқланган, фақат дорихоналарда мавжуд. Россиянинг Оренбург шаҳрида энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш тақиқланган.
Аслида энергетик ичимликлар соғлик учун зарарли. Маълумотларда бу ичимликларнинг мия, юрак-қон томир, буйрак, жигар каби аъзоларга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида фикрлар мавжуд. Энергетик ичимликлар кўпинча енгил, алкоголсиз бўлиб, истеъмолчига энергия қуйилиш эффектини берувчи таркибий қисмлардан ташкил топган.
Ҳар қандай энергетик ичимликнинг кучли таъсирга эга бўлган таркибий қисми кофеин ҳисобланади. Кофеин организмни энергия сарфлашга сафарбар қилувчи психотроплар тоифасига, ўрганиб қолишга олиб келувчи моддалар қаторига киради. Бир банка кам алкоголли коктейл 3-4 стаканга тенг қаҳвадаги кофеинни ўз ичига олади. Этанол билан кофеинли ичимликлар истеъмоли сийдик ҳайдовчи эффектни икки баравар оширади. Бу эса буйракларнинг кўпроқ зўриқишига, вақт ўтиши билан буйрак касаллигининг келиб чиқишига олиб келади. Асаб тизимида хотиранинг сустлашиши ва интеллектуал фаолликнинг пасайиши кузатилади. Аста-секин бу аломатлар кучайиб боради.
Кофеин ошқозон шираси ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Бу эса ўз навбатида ошқозон-ичак фаолиятида ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Энергетик ичимликларнинг таркибий қисми бўлган аксар моддалар организмда тўпланиши саратон ўсмаларининг ривожланишига олиб келиши айтилмоқда".
Оқибатда 2-3 йил давомида энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш жигарда юзага келадиган ўзгаришлар ўртача 20 йил спиртли ичимлик ичиш билан боғлиқ ўзгаришларга қараганда кўпроқ бўлади.
Шунингдек, ушбу ичимликлар диабет ривожланишига, семизлик, талваса, тўсатдан ўлим каби хавфларни келтириб чиқариш эҳтимоли бор.