Самарқандда СЭС ходимларига боди-камера берилади

Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармасига уюштирилган пресс-тур ва матбуот анжумани давомида маълум қилинди.

Бошқарма бошлиғи Латиф Рустамовнинг қайд этишича, кейинги йилларда соҳага давлат томонидан қаратилган эътибор ва ажратилаётган салмоқли маблағ туфайли аҳоли ўртасида турли юқумли ва мавсумий касалликлар кескин камайди, айрим хасталиклар умуман қайд этилмаяпти.

– Тўққиз ойлик таҳлиллар вилоятда 37 турдаги юқумли касалликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга камайганини кўрсатмоқда, – дейди Л.Рустамов. – Ичтерлама, паратифлар, куйдирги, кўкйўтал, дифтерия, полиомиелит, қизилча, қўтир каби 12 турдаги касаллик қайд этилмади. Сувчечак, қизамиқ, вирусли гепатит, сўзак, эхинококкоз каби 17 турдаги юқумли касалликлар эса 45 фоиз камайишига эришилди. Миллий эмлаш календари асосида 13 хил юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари олиб борилди ва қамрови 97 фоиздан юқорини ташкил этмоқда. Иммунизация ишлари натижасида йилнинг 9 ой мобайнида қоқшол, бўғма, чақалоқлар орасида сил, 18 ёшгача бўлган болалар орасида вирусли гепатит В каби касалликлар рўйхатга олинмади, болалар орасида ротавирусли инфекция билан касалланиш кескин камайди. Ўтган йил вилоятда овқатдан заҳарланиш республикамиз вилоятлари орасида энг кўп қайд этилганди. Бу йил ушбу йўналишда аҳоли ўртасида олиб борилган кенг кўламли профилактик тадбирлар, назоратнинг кучайтирилиши ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз натижасида овқатдан заҳарланиш 37 фоизга камайишига эришилди.

Замонавий лаборатория қувватлари туфайли аҳоли орасида учраб турувчи инфекциялар ўз вақтида аниқланиб, профилактика ишлари самарадорлиги янада ошди. Бошқарма санитария гигиена лабораторияларида йил бошидан буён 90 мингга яқин таҳлиллар ўтказилган бўлса, биргина вирусология лабораторияси томонидан 25 мингдан ортиқ таҳлил амалга оширилган.  Вирусология лабораториясида таҳлиллар хавфсизлиги ва аниқлигини ошириш мақсадида штрих-кодли автоматлаштирилган идентификация тизими жорий этилди. Бу тизим намуналар аралашиб кетишининг олдини олади ва 100 фоиз аниқ идентификация ҳамда таҳлил жараёнини тезлаштирди. Лаборатория ахборот тизими билан интеграция орқали таҳлил натижалари автоматик ва хатосиз киритилиши таъминланмоқда.

Соҳада инсон омилини камайтириш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 4 та электрон тизим жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Келгуси йилда бу борада Самарқанд тажрибаси яратилиши кўзда тутилган.

– Биз турли соҳалар ходимларининг даврий тиббий кўригини рақамлаштиришни таклиф этяпмиз ва бу тизим келгуси йилда вилоятимизда тажриба сифатида йўлга қўйилади, – дейди Л.Рустамов. – Бунда ҳар бир ходимнинг ўзи поликлиникага бориб, тиббий кўрикдан ўтади ва бу тизимда кўриниб туради. Ҳеч қандай инсон омили аралашмайди, ҳозир учраб турадиган кўрикка бормасдан номига ҳужжат олиш ҳолатларига барҳам берилади. Ўз навбатида қайси ташкилот ходимларига кўрик муддати яқинлашаётгани ҳақида уларга хабарнома юборилади. Бу бизга ҳам кўриниб туради ва шу орқали ўша ташкилот, идора масъулларини огоҳлантириб қўйишимиз мумкин. Айни пайтда эса биз бу жараённи тўла назорат қилиш имкониятига эга эмасмиз. Бундан ташқари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги тизимида ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳужжатларни тезкор ва жойида расмийлаштириш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан 400 дона махсус электрон планшет ва боди камера олишни режалаштирганмиз. Бу ҳам тизимдаги айрим нуқсонлар ва коррупциявий омилларга чек қўйишга хизмат қилади.

Мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида келгуси йилда бошқарма ва Каттақўрғон шаҳар бўлими лабораториялари  халқаро аккредитациядан ўтказилади. Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг кредит маблағлари ҳисобидан Жомбой, Нуробод ва Булунғур туманлари санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларида 2,98 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қурилиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, мазкур молия муассасаларининг 1,44 миллион доллар кредит маблағи эвазига 9 та туман бўлимлари замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланади.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари бошқармадаги лабораториялар иш жараёнлари билан ҳам таништирилди.