Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ширин” массиви учун янги инвестицион имкониятлар берилди

2026 йил 10 ноябрда Президентимизнинг “Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармоннинг алоҳида аҳамияти шундаки, унда Янги Тошкент шаҳри билан бир қаторда Самарқанд шаҳридаги “Ширин” массиви ҳам махсус ҳуқуқий режим татбиқ этиладиган ҳудудлар қаторига киритилган.
Бу билан “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун янги ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятлар яратилади.

Жумладан:

- инвесторлар учун солиқ ва божхона преференциялари тақдим этилади;

- ер участкаларини инвестиция лойиҳалари асосида таклиф этиш механизмлари такомиллаштирилади;

- қурилиш ва рухсат бериш жараёнлари соддалаштирилади;

- замонавий бизнес марказлари, турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш рағбатлантирилади;

- транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Бу “Ширин” массивининг ривожланиши қурилиш, саноат, савдо, туризм, транспорт ва хизмат кўрсатиш каби кўплаб тармоқлар учун янги имкониятлар яратиши мумкин. Натижада янги инвестициялар, янги тадбиркорлик ташаббуслари ва аҳоли бандлигини ошириш учун замин яратади.