Кўҳна кентнинг янги дурдонаси

Самарқандда барпо этилаётган Ширин шаҳарчаси халқимиз бунёдкорлигининг янги намунаси бўлади

Самарқанд тарихининг шаъни шундаки, бу ўлкани бошқарган ҳар бир шахс ўзидан ёдгорлик қолдиришга ҳаракат қилган. Бинобарин, бу ёдгорликларнинг барчаси дунёвий илмлар ва маҳаллий ҳунармандлар, меъморлар ва бошқа касб эгаларининг заковати билан боғлиқ. Амир Темур барпо этган обидалар, иншоотлар ҳақида тўхталиб ўтиш шарт эмас. Чунки бу ҳар биримизга ёд бўлиб кетган. Мирзо Улуғбек расадхонасидан ташқари Регистонда масжид ва мадраса барпо этган. Баҳодир Ялангтўш Шердор ва Тиллакори обидалари баробарида ўнга яқин кўприк, Девонбеги мадрасаси қурилишига бош бўлган, Сиёб бозорини Регистондан ҳозирги жойига кўчирган. Шайбонийхон ҳам ана шундай улуғ ишларнинг бошида турган. Хусусан, Зарафшон дарёсининг Самарқанд шаҳри ёнидан ўтувчи қисмида янги сув йўллари ва кўприклар барпо қилган. Чунки ўша даврда юзага келган қурғоқчилик сувдан оқилона фойдаланишни тақозо этган.

Бугун эса ўз даврида қурилган обида, Зарафшон дарёсининг икки оқими – Оқдарё ва Қорадарё ўртасидаги майдонлар ва соҳилларда жуда катта бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Гап йиллар давомида қисман тартибга келтирилган бўлса-да, эътибордан четда қолган майдонлар устида бормоқда. Айнан ана шу жойда Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳудудлари кесишади. Дарёнинг жанубий қирғоғи Самарқанд шаҳрига тегишли.

Аслида бу муаммо бундан 50 йил олдин кўтарилган эди. Иккала дарё қирғоғида Фарҳод ва Ширин шаҳарчалари қурилиши бошланган эди. Тўғри, Фарҳод қўрғонида анча ишлар қилинди. Чунки қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар жойлашганлиги сабабли ишчилар учун қурилган уй-жойлар, мактаб, боғча ва хизмат кўрсатиш шохобчалари унга шаҳарча тусини берди. Ширин шаҳарчасига мўлжалланган ерларнинг катта қисми эса самарасиз ётди ёки дала ҳовлиларга айлантирилди.

Ниҳоят бу майдонга эътибор тушди. Давлатимиз раҳбари масалани жойида ўрганганида бу янги шаҳарча Ўзбекистон тараққиётининг, олимларимиз ақл-заковатининг, бинокорларимиз куч-қудратининг тимсоли бўлиши кераклигини таъкидлади. Бинобарин, лойиҳалар, режалар ҳам ана шу даъватга муносиб тарзда шаклланди. Икки дарё оралиғидаги бу оролчаларни бирлаштириш, ақлли шаҳар барпо этишга бел боғланди.

Хўш, бу ерда нималар барпо этилади?

Авваламбор, айтиш керакки, бунёдкорлик ишлари уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2025 йил охиригача 19 та бизнес маркази, 6 та кўп қаватли уй-жой, шунингдек, Тошкент халқаро кимё университети филиали биноси барпо этилади. Шаҳарча ички ва ташқи коммуникация тармоқларига уланади. Айни пайтда бу ишлар қизғин давом этмоқда.

Иккинчи босқич доирасида, яъни 2026-2028 йилларда шаҳарчани Самарқанд шаҳри билан боғловчи осма кўприк, 40 та ижтимоий соҳа объекти, 240 та турар ва нотурар жой бинолари, ички автомобиль йўллари қурилиши мўлжалланган.

Учинчи босқич доирасида, яъни 2029-2030 йилларда шаҳарчани Самарқанд шаҳар маркази ва Самарқанд туризм маркази билан боғловчи 7 километр узунликдаги ер усти метро йўли барпо этилади, 15 та маданият, савдо ва йирик спорт объектлари қурилади. Муҳими шундаки, бу лойиҳаларни бевосита ўзбекистонлик олимлар, мутахассислар, қурувчилар яратишяпти ва амалга оширяпти.

Дарвоқе, бу ақлли шаҳар қурилиши учун махсус дирекция ташкил этилган. Унинг директори, вилоят Кенгаши депутати Акбар Қаюмовнинг таъкидлашича, пировардида бу масканда 160 минг киши истиқомат қилади. Бунинг учун 50 мингдан зиёд юқори маош тўланадиган иш ўрни яратилади. Негаки, ҳар бир кўча ва маҳаллада ана шундай маош олиш учун имконият яратилади. Яъни, бу ерда замонавий ва рақамли технологиялар жорий этилади. Хусусан, Кимё университети филиали учун олиб келинадиган лабораториялар сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланади.

Янги шаҳарча ва ишбилармонлар маркази бутун борлиғи билан яшил макон бўлади. Биринчидан, ҳар бир бино томида, албатта, қуёш панели ўрнатилади. Иморатларни қуришда фақат экологик фойдали қурилиш материаллари қўлланилади. Айниқса, сув йўлини бошқаришда қадимий усул, замонавий чархпалакдан фойдаланилади.

Иккинчидан, шаҳарчага ҳавони тозалайдиган, кислородга бой дарахтлар экилади.

Учинчидан, жамоат транспорти қатнови мукаммаллигига эришилади. Махсус гулчилик хўжалиги йўл ёқалари ва уй-жойлар атрофига экиладиган гуллар апробацияси билан шуғулланмоқда.

Барпо этиладиган меҳмонхоналар юксак даражада хизмат кўрсатади. Хорижлик меҳмонларнинг шаҳар билан, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, миллий анъаналар билан танишишларига имкон яратилади, оилавий дам олиш зоналари яратилади. Шунинг учун ҳам янги мавзенинг аукционга қўйилаётган ерлари учун савдо ниҳоятда қизғин, талабгорлар кўп.

Бундан икки йилча олдин давлатимиз раҳбарининг таклифи билан Самарқанд шаҳрини кесиб ўтувчи Сиёбча канали соҳиллари вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида ободонлаштирилди. Қисқа муддат ичида каналнинг 17 километр узунликдаги қисми икки томони ҳам аҳолининг сайр қилишига мўлжаллаб кенгайтирилди, канал ичи бетонлаштирилди. Самарқандликлар ўз қўллари билан барпо этган ана шу нафосатдан бугун ўзлари баҳраманд бўлиб турибдилар. Бошқа туманлар марказларида ҳам ариқ ва каналлар бетонлаштирилиб, уларнинг соҳиллари ҳордиқ масканларига айлантирилмоқда. Демоқчиманки, вилоятда бу борада муайян тажриба орттирилди. Шу сабабли Оқдарё ва Қорадарё соҳилида барпо этилаётган янги шаҳарча ҳам яқин йилларда фахримизга айланади. Ҳозирданоқ дарёларнинг ободонлаштирилган 1,5 километрлик қисми атрофи чинакам сайлгоҳга айланган. Бу ер қишин-ёзин аҳоли билан гавжум.

Сўнгсўзда шуни айтмоқчиманки, Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида "Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Оқдарё туманидан 243 гектар, Самарқанд туманидан 170 гектар, жами 413 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилади. Натижада амалдаги 252 гектардан иборат “Ширин” мавзеси ҳудуди кенгайтирилиб, жами 665 гектар майдонни ташкил этади. Тасдиқланган мастер-режа бўйича ҳудудда 180 минг аҳолига мўлжалланган жами 60 мингта хонадондан иборат 254 та кўп қаватли уй, 45 та ижтимоий соҳа объекти қурилади.

Бу қарор юқорида таъкидлаганимдек, Зарафшон дарёси ирмоқлари, Оқдарё ва Қорадарё бўйларининг обод бўлишига, замонавий ва кўркам аҳоли маскани яратилишига ҳамда пировардида халқимиз ақлу заковати тимсолига айланажак Ширин шаҳарчасининг мукаммал бунёд этилишига хизмат қилади.

 Фармон ТОШЕВ,

 халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.