Коррупцияга қарши кураш кучайтирилди: давлат хизматчилари учун семинар ўтказилди
Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда коррупциянинг олдини олиш, давлат органлари фаолияти шаффофлигини ошириш ҳамда ҳисобдорлик тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган “Давлат фуқаролик хизматида бошқарув самарадорлигини ошириш, ҳокимликларда коррупцияга қарши самарали курашиш” мавзусидаги семинар ҳам айнан шу ҳақда бўлиб ўтди.
Ушбу семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги раҳбар ва ходимлари, шунингдек, туман (шаҳар) ҳоким ва ўринбосарлари, ҳокимликнинг аппарат ходимлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Семинар иштирокчиларига давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, профессионал хизмат этикаси талаблари, жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик масалалари тушунтирилди, шунингдек, белгиланган меъёрларни бузганлик учун жавобгарлик ҳақида эслатиб ўтилди.
Семинарнинг алоҳида қисми давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида манфаатлар тўқнашуви ва одоб-аҳлоқ меъёрларига риоя қилиш масаласига бағишланди. Иштирокчиларга давлат бошқаруви тизимида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш механизмлари ва асосий тушунчалари тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, ижро ҳокимиятида натижага асосланган бошқарув тизими ва унинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилди, самарадорлик кўрсаткичлари ижросини ташкил қилишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.