Иқтисодий тараққиётнинг янги уфқлари ёхуд кичик бизнес ўсиши йўлидаги тарихий бурилиш
Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Глобал иқтисодий жараёнлар, бозорлардаги рақобат ва замон талаблари ҳар бир давлатдан мослашувчан, дадил ва узоқни кўзлаган ислоҳотларни талаб этмоқда. Ўзбекистон ўз мустақиллиги ва тараққиётининг янги босқичида мана шундай шиддатли карвоннинг энг олдинги сафларидан жой олишга интилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 26 майда имзоланган «Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармон юртимизда ишбилармонлик муҳитини мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи, бизнесга янада қулайлик берувчи ҳужжат бўлди.
Масалан, кўп йиллар давомида кичик бизнес вакиллари маълум бир айланма маблағ чегарасига етганда, ўз фаолиятларини сунъий равишда тўхтатишга, фирмаларни бўлиб юборишга мажбур бўларди. Нега? Чунки умумий солиқ тизимига ўтиш кичик бизнес учун жуда катта маъмурий юк ва молиявий зарба бўлиб туюларди. Яъни, бизнес «ўсишдан қўрқарди».
Янги фармон мана шу сунъий қўрқувга барҳам бермоқда. жорий йил 1 июндан солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 000 баравари этиб белгиланди.
Бу нима беради? Бу энди тадбиркорлар ўз айланмаларини бемалол оширишлари мумкин, дегани. Йирик корхонага айланиш жараёнида тизим уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, «юмшоқ ўтиш» имкониятини тақдим этади.
Агар сиз кўчадаги оддий қаҳвахона, миллий таомлар маскани ёки кичикроқ меҳмонхона эгаси бўлсангиз, кундалик фаолиятингизда қанчалик кўп майда-чуйда, аммо тинкани қуритадиган бюрократик қоидаларга бўлганини яхши биласиз. Фармоннинг учинчи бўлими айнан мана шу соҳа вакиллари учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Меҳмонхона ва ресторанларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотилаётганда нақд пул тўловларини қабул қилишга расман рухсат берилди. Бундан ташқари, алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу масканларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб ҳисобланади. Яъни, ортиқча ҳисоботлар, «у код ундай кетди, бу код бундай кетди» қабилидаги асаббузарликлар чеккага сурилади.
Ресторан ва умумий овқатланиш соҳасининг энг катта муаммоларидан бири - ишчи кучининг тез-тез ўзгариб туриши, айниқса, тўй-ҳашамлар, мавсумий тадбирлар пайтида қўшимча официант ёки хизматчиларни қисқа муддатга жалб қилиш эди. Уларни расмийлаштириш, солиқ ва меҳнат дафтарчасини юритиш соатлаб, кунлаб вақт оларди. Энди ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали шу куннинг ўзида, соддалаштирилган тартибда ва муайян муддатга расмийлаштириш мумкин.
Иш ҳақини тўлаш ва ҳисоб-китоб қилиш тизими ҳам максимал даражада осонлаштирилди. Бу яширин иқтисодиётга барҳам бериш билан бирга, минглаб ёшларнинг қонуний даромад топишига йўл очади.
Яна бир муҳим янгилик, умумий овқатланиш корхоналари учун тўланган қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) бир қисмини қайтариб бериш тизими тушумнинг нақд пулсиз шаклда бўлишидан қатъи назар, тўланган солиқ суммасининг 40 фоизи миқдорида амалга оширилади. Бу бизнес ихтиёрида катта айланма маблағ қолишини ва бу маблағ хизмат сифатини яхшилашга, иш ҳақини оширишга йўналтирилишини англатади.
Аслида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) дунё миқёсида ҳам, бизда ҳам энг мураккаб ҳисоб-китоб қилинадиган солиқ турларидан бири саналади. Уни тўғри ҳисоблаш, ҳисобга олиш ва ҳисобот топшириш кичик тадбиркор учун кўпинча оғирлик қиларди. Бу масалада шунчаки енгиллик эмас, балки ҳақиқий муқобил тизим таклиф қилинмоқда. Жумладан, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар (давлат улуши бор корхоналар ва йирик солиқ тўловчилардан ташқари) ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлашлари мумкин.
Кўпчилик ишбилармонларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўладиган масала - бу солиқ идоралари томонидан турли гувоҳномаларни тўхтатиб қўйиш, асоссиз текширишлар ва пулларни қайтаришдаги сансалорликлар эди. Янги фармон ушбу тизимни тубдан ислоҳ қилиб, коррупция ва бюрократиянинг илдизига болта урмоқда.
Илгари ҚҚС гувоҳномасининг вақтинча тўхтатиб қўйилиши тадбиркорлик фаолиятини фалаж қилиб қўярди. Эндиликда ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби бутунлай бекор қилинди. Бу гувоҳнома фақатгина ҳисоб-китоб юритиш мақсадида берилади ва у ҳеч қачон бизнесга нисбатан таъсир чораси ёки жазо қуроли бўла олмайди.
Шунингдек, импорт қилувчи кичик корхоналар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси деб эътироф этиш тартиби ҳам бекор қилинди.
«Хато қилмаган одам - ишламаган одам». Айниқса, кичик бизнесда ҳисоб-китоб, ҳужжат ишларида кичик хатоликлар ўтиб кетиши табиий ҳол. Илгари бундай хатоликлар зудлик билан жарималар ва молиявий санкцияларга сабаб бўларди.
Янги ҳужжат билан 2028 йил 1 январга қадар кичик бизнес субъектларига «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури орқали аниқланган хатоликларни мустақил равишда, ҳеч қандай жазосиз тузатиш имконияти берилмоқда.
Яратилаётган бундай беқиёс қулайликлар, ўз навбатида, тадбиркорлар зиммасига ҳам улкан ижтимоий масъулият юклайди. Энди бизнес вакиллари «соя»дан чиқиб, шаффоф ишлаши, ўз ходимларига муносиб меҳнат шароитлари яратиши ва давлат билан тенг ҳуқуқли, ҳалол шерик сифатида ҳамкорлик қилиши лозим.
Бир сўз билан айтганда, иқтисодий ислоҳотларнинг янги тўлқини бошланди. Бу тўлқин Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган, бизнес учун энг жозибадор мамлакатлари қаторига олиб чиқиши шубҳасиз.
Даврон РАВШАНОВ,
вилоят солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.