Халқ ишончини оқлаш депутатнинг энг муҳим вазифаси
Бу ишонч эса сўзда эмас, амалий натижаларда намоён бўлади.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Нилуфар Жаъфарова фаолиятида фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш устувор аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилда депутат томонидан йўлланган бир қатор депутатлик сўровлари натижасида Ургут туманидаги фуқароларнинг аниқ муаммолари ҳал этилди. Жумладан, “Камонгарон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйнинг умумий фойдаланишдаги ертўла қисми тадбиркордан қайтарилиб, аҳоли ихтиёрига берилди. Мозортепа маҳалласида эса қурилиш жараёнида зарарланган хонадоннинг орқа қисми тадбиркор томонидан таъмирлаб берилди.
Аҳоли учун муҳим бўлган йўл муаммоси ҳам депутат эътиборидан четда қолмади. Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борувчи, Навбоғ маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1,5 километрлик йўл таъмирталаб ҳолатда экани бўйича йўлланган депутатлик сўрови натижасида мазкур йўлда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Депутатнинг сайёр қабуллар давомидаги фаоллиги ҳам амалий натижалар билан уйғун. Навбоғ маҳалласида тадбиркор мурожаати асосида ўрганилган симёғоч билан боғлиқ муаммо тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этилди.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, ҳар бир муаммо ортида оила манфаати борлигини ҳис этган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Зеро, депутатлик — мақом эмас, масъулият. Депутатнинг ҳақиқий қадри эса халқ дардига қулоқ тутиб, унинг муаммосига амалий ечим топганида намоён бўлади.
"Адолат" партияси вилоят Кенгаши ахборот хизмати.