20 нафардан бошлаган корхонамизда бугун 2 минг киши меҳнат қиляпти

Металл материалларига талаб ҳар доим юқори бўлган. Маҳсулотни доимий импорт қилиш эса давлат учун жуда катта маблағ сарфига олиб келади.

Уни ўзимизда тайёрлашни йўлга қўйиш импортни камайтиради, ички бозорни қондиради, қолаверса экспорт имкониятларини ҳам оширади.
Шу мақсадда 2018 йилда Хитойнинг “URUMQI TONGYALE INTERNATIONAL TRADE” компаниясидан 12,5 миллион долларлик замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб, ички бозорда импорт ўрнини босувчи металл тунука ва профиллар ишлаб чиқаришни бошладик. Дастлаб 2 гектар майдонда 20 нафар ишчи билан фаолият бошлагандик. Ҳозир корхона майдони 102 гектарга, ишчилар сони 2 минг нафарга етди. Ўтган вақт ичида 13 та лойиҳани амалга ошириб, 15 турдаги рух ва полимер қопламали лист, қайта ишланган металл, базалт, сендвич-панел, профил, қувур каби темир маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз.

Юртимизда темир қазиб олиш саноати ҳали ривожланмаганлиги учун хориждан темирни хомашё сифатида импорт қиламиз. Шу боис, Бекобод металлургия комбинатида Президентимиз билан учрашувда металлургия саноатини янада ривожлантириш, таннархини тушириш ва хомашё базасини яратиш учун темир конларини ўзлаштириш зарурати борлигини айтдим. Темир қазиб олиш конлари очилса, биз темир ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз борасида таклифлар билдирдим. Ҳозир бу бўйича лойиҳа тайёрланяпти ва геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бу мамлакатимиз учун ҳам, иқтисодиётимиз учун ҳам катта янгилик бўлади.

2025 йилда 13 давлатга 130 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Бу йил кўрсаткични уч баробарга оширишни режалаштирганмиз. 
Меҳнатларимиз эътироф этилиб, 2023 йилда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлангандим. Бу йилги тадбиркорлар куни арафасида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони берилгани корхонамиз фаолиятига берилган юксак баҳо бўлди. Бу борадаги ишларни янада ривожлантириб, темир конларни ўзлаштириш, металл маҳсулотлари сифатини ошириш ва таннархини арзонлаштириб, ички бозор эҳтиёжини тўла қондириш ва экспорт ҳажмини оширишни режалаштирганмиз. 

Одилжон Болтаев,
Самарқанд шаҳридаги “Azia metall prof” МЧЖ раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор.