Семинар зиёрат билан бошланди
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг жорий – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга бағишланган кўргазмали семинари ўтказилмоқда.
Унда ижодий уюшманинг кенгаш аъзолари, ҳудудий бўлимлари раҳбар ва ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир кўҳна шаҳар тупроғида мангу қўним топган улғулар зиёратидан бошланди. Дастлаб иштирокчилар Амир Темур мақбарасига ташриф буюриб, темурийлар қабрини зиёрат қилди. Соҳибқирон томонидан амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ёд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, жорий йилда буюк жаҳонгир таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчилар юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган, мустақил Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишида муносиб хизмат қилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов яшаган хонадон ва мангу қўним топган Хазрати Хизр мақбара-мажмуасини зиёрат қилишди.
Тадбир қатнашчилари саёҳат давомида янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, бу ерда амалга оширилган улкан қурилиш бунёдкорлик ишлари билан танишди. Шунингдек, Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида ҳам бўлдилар.
Асосий тадбирлар 18 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган.