Юртимиз меъморлари Самарқандда жам бўлди

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида биринчи марта “Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш: маданий мерос ва маданий ёдгорликларни асрашнинг долзарб масалалари” мавзусида республикамизнинг барча ҳудудидан келган реставраторлар учун икки кунлик ҳам офлайн, ҳам онлайн семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинарни онлайн тарзда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири А.Абдуҳакимов очиб берди.

-  Биз ушбу семинарни ўтказиш орқали соҳадаги келгуси 10 йилликка мўлжалланган аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олишни режалаштирганмиз, - А.Абдуҳакимов. - Ўйлайманки, ташкил этилган бу тадбир соҳадаги янги билим ва кўникмаларни ўрганиш баробарида барча вилоятлардан келган мутахассисларни ўзаро тажриба алмашиши учун катта мактаб бўлади. Қолаверса, биргалашиб юртимиздаги бой маданий меросимиз бўлган тарихий объектлар, зиёратгоҳларни асл ҳолича сақлаш ва асраш борасида жойларда янада тарғибот тадбирларини кучайтиришимиз керак.

Тадбирда Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросини асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновацион ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш чораларини кўриб чиқиш бўйича маърузалар тингланди.

Соҳада мутахассислар етишмаслиги, айрим ҳолларда тарихий обидаларни таъмирлаш, тиклаш ишлари маданий мероснинг қиймати, қадрини тушунмайдиган шахсларга топширилаётгани, "Меъморчилик санъати дурдоналарини реставрация қиламан, таъмирлайман", деб тарихий, бадиий қийматига шикаст етказган ҳолатлар ҳам учраётгани тўғрисида танқидий фикр билдирилди.

- Маданий мерос объектлари, тарихий обидалар фақатгина туризм объекти эмас, биринчи навбатда бу халқимизнинг бойлиги ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон Фанлар академияси бўлим мудири, архитектура фанлари доктори, профессор Мавлуда Юсупова. - Уларни асраш бугунги куннинг долзарб муаммоси ҳисобланмоқда. Шунинг учун бу каби семинарларни, учрашувларни ташкил этяпмиз. Афсуски, жойларда ноқонуний таъмирлашлар, "Бузиб, янгисига айлантирамиз", деб тарихий биноларга зиён етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Тадбирда А.Абдуҳакимов келгусида Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этиш таклифини билдирди ва уни ўтказиш бўйича келишиб олинди.

Анжуман давомида иштирокчилар Самарқанд туманидаги "Конигил" туризм қишлоғи, "Буюк ипак йўли" халқаро туризм маркази, Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси ва Бибихоним масжиди каби маданий мерос объектларида бўлади.

Ҳусан Элтоев.