Томорқада етиштириладиган энг даромадли ўсимлик қайси?

Ердан кўпроқ фойда олишда энг даромадли экин қайси, деб ўйлайсиз? Кимдир мева, яна кимдир сабзавот ёки бошқа экинларни танлайди ва бу уларнинг тажрибаси ёки тасаввуридан келиб чиқилади.

Мутахассислар эса юқори даромадли экин ёки ўсимликни гектаридан олинадиган эмас, балки метр квадрат майдондан олинадиган фойдасига қараб даромадлилигини аниқлайдилар.

Мисол учун, айрим қимматбаҳо мевали дарахтлар ҳам бир метр квадрат майдонда жойлашади, бироқ уларнинг сояси ва илдизи анча катта майдонни эгаллайди. Шу боис, аграр соҳа мутахассислари гулчиликни ердан олинадиган энг самарали ўсимлик, деб ҳисоблайдилар.

Республикамизда гулчилик, кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчиликни оммалаштириш, бу бўйича импортни қисқартириш экспорт салоҳиятини ошириш борасида катта имкониятлар бор. Президентимизнинг 2021 йил 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ва 2023 йил 23 октябрдаги “Гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган эди. Унда тадбиркорлар, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни ушбу йўналишдаги билимларини ошириш, бандлигини таъминлаш ва асосийси даромад топишларига имкониятлар яратиш назарда тутилган.

Қишлоқ хўжалик вазирлиги, “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси, Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда Германия тараққиёт банки ва Бизнес ва финанс консалтинг GmbH молиявий кўмагида республика ҳудудларида “Замонавий технологиялар асосида манзарали ўсимликлар ва гуллар етиштириш, ушбу йўналишда бизнесни ташкил этиш” мавзусида икки кунлик семинарда бу соҳадаги имкониятлар тушунтирилди.

- Семинарда асосан хотин-қизлар учун уй шароитида кичик майдондан унумли фойдаланган ҳолда гул етиштириш орқали яхшигина даромад топиш усуллари ўргатилмоқда, - дейди Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси Адиба Аҳмаджонова. – Семинарнинг биринчи кунида манзарали ўсимликлар етиштириш асослари ўргатилса, иккинчи куни, яъни эртага гулчилик борасидаги агробизнесни ташкил қилиш, бизнес-режа тузиш, кредитларни молиялаштириш йўллари ўргатилади. Масалан, ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, бир квадрат метр жойда 450-500 тагача мавсумий гул кўчати тайёрлаш мумкин. Гул кўчатининг энг арзони ўртача 2000 сўмдан ҳисоблаганимизда ҳам бир миллион сўм даромад олинади. Хонадонларимизда икки сотихли майдонда бу ишни йўлга қўйиб ҳам яхшигина даромад олиш топса бўлади. Бунинг учун катта ва замонавий иссиқхона қуриш шарт эмас, фақат ҳимояланган ихчам иссиқхоналарда ҳам ташкил этиш мумкин. Бу ишни асосий даромад ёки қўшимча иш сифатида ҳам етиштирса бўлади. Энди бир ўйлаб кўринг: йилига республикамизга хориждан қанча гул импорт қилинади? Бундай гулларни бозорларда сотиш мумкин ёки йўл бўйларига экиш учун ҳам гул кўчатлари етишмайди. Демак, сотиш борасида муаммо йўқ.

Бугунги семинарда Тойлоқ, Паст Дарғом, Самарқанд ва бошқа туманлардан келган аёллар томорқада мавсумий, кесма гул, хона гуллар етиштириш бўйича ўқитилди.            

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.