Ойжонда кам харажат қилиб, кўп даромад олаётган гулчилар оиласи яшайди

Томорқанинг 4 сотих майдонида атиргул кўчатларини етиштириб, бир мавсумда 50 миллион сўм даромад топса бўладими? Бўлар экан. Буни Каттақўрғон тумани Ойжон маҳалласида яшовчи бободеҳқонлар исботлаган.

Бугунги кунда боболарнинг ишини фарзанд ва набиралар, асосийси, келинлар давом эттиряпти.

- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимда қайнотам ва қайнонам томорқада атиргул кўчатларини кўпайтириш билан шуғулланарди, - дейди Муаттар Толлиева. – Бугун улар кексайиб қолди. Ишини ўзим давом эттиряпман. Фарзандларим тарбияси, рўзғор ишларидан ортиб, шу томорқада ишлайман. Кўчатларни кўпайтириш кўп меҳнат талаб қилмайди. Қаламчалар ерга қадалади, 8-10 кунда бир суғорилади. Вақти-вақти билан чопиқ қилинади. Даромади эса яхши. Масалан, 4 сотих ерда 6 минг туп кўчат етиштириб, донасини 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача сотсак, бу ўртача 50 миллион сўм даромад дегани. Шунингдек, 2 сотих ерда лола етиштиряпман. Унинг ҳам пиёзи, ҳам гули сотилиб, рўзғорга қўшимча ёрдам бўляпти.

Муаттар Толлиева каби томорқада меҳнат қиладиган ойжонлик келинлар кўпчиликни ташкил қилади. Маҳаллада 553 та хонадон бор. Уларга тегишли томорқа майдони 121 гектар бўлиб, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилади.

- 100 дан ортиқ хонадон эгалари томорқасида иссиқхона барпо этган, - дейди маҳалла раиси Шокир Одилов. – Уларда асосан помидор ва бодринг етиштирилади. Шунингдек, томорқаларнинг аксарият қисмида тўқсонбости экинлар, исмалоқ, пиёз ва саримсоқпиёз каби маҳсулотлар парваришланади. Бугунги кунда 50 дан ортиқ томорқа эгалари атиргул кўчатларини кўпайтириш билан шуғулланяпти. Бунга харажат кам сарфланади, даромади эса мўмайгина. Бу ишни маҳалламизда Жамол бобо Оролов бошлаб берди. Бугунги кунда кўчатчиликни унинг фарзандлари, қўни-қўшнилари ҳам ўрганиб, гулчиликни маҳалламизнинг “драйвер”ига айлантирмоқда. Шунингдек, аҳолининг аксарияти томорқасининг бир чеккасида асалари боқади. Бу ҳам рўзғорларга қўшимча даромад келтиряпти.

Маҳаллада атиргулнинг 10 га яқин туридан кўчатлар етиштирилар экан. Харидорлар ҳам талайгина. Кўчатлар нафақат Каттақўрғон тумани бозорларига чиқарилади, балки қўшни туманлардан, қолаверса, пахтачилик ва қўшработлик мижозлардан ҳам жойидан харид қилиб кетиш учун буюртмалар тушган.

Тўлқин Сиддиқов,

Ҳусан Элтоев,

Эъзоза Мейлиева.