Ўзбек тарихчилари устозининг қоронғу кунлари ва ёруғ ўйлари

Пўлат Солиев ҳаёти ва фожиали ўлими, унинг улкан тарихий-бадиий мероси, архиви ва бой кутубхонасининг тақдири сирли жумбоқ бўлиб келмоқда.
Бундан 143 йил муқаддам Ўрта Осиё халқлари ўрта аср ва янги замон тарихи ўзбек илмий мактабининг асосчиси, тарих илми бўйича биринчи ўзбек профессори Пўлат Мажидович Солиев таваллуд топганини кўпчилигимиз билмаймиз, чунки унинг номи ва миллат олдидаги хизматлари бугунги кунда, минг афсуски, мутлақо унутилган.
Бинобарин, олимнинг Эски ўзбек ёзуви, араб ва форс тилларида битилган қадимий қўлёзмалар асосида яратилган тарихий асарлари 20-30 йилларда чоп этилганига қарамай, ҳозирда собиқ Иттифоқнинг бир неча йирик кутубхоналаридаги махсус бўлимлардагина айрим нусхалари сақланиб қолган, холос. (Барча китоблари мафкуравий зарарли деган машъум тамға урилиб, йўқ қилиб юборилган) «Англия зулми остидаги Ҳиндистон» (1920, 1926), «Бухоро манғитлар сулоласи даврида» (1920, 1926), «Ўрта Осиё тарихи. 1-қисм» (1926), «Ўзбекистон ва Тожикистон. Иқтисодий ва жуғрофий очерк» (1926), «Ўрта Осиёда савдо капитали даври» (1926), «Ўрта Осиёда исломнинг тарқалиши» (1928) номли асарлари, шу жумладан «XV-XIX аср биринчи ярми Ўзбекистон тарихи» унинг асосий илмий асарларидир.
Заҳматкаш тарихчи олим илмий тадқиқотлари учун ўз пайтида Истамбул Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Мустақил Ҳиндистон давлатининг асосчиларидан бири Жавоҳарлаъл Неру Тошкентга ташрифидан бирида жаҳонга машҳур олим номини тилга олади ва китобларида унинг тадқиқотларидан фойдаланганини айтиб, ўзи нега кўринмаётганлигини сўрайди. Бетоб бўлиб оламдан ўтди, деб уни хотиржам қилишга ҳаракат қилишади. Аслида эса...
Пўлат Солиев ҳаёти ва фожиали ўлими, унинг улкан тарихий-бадиий мероси, архиви ва Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур бўлган кутубхонасининг тақдири сирли жумбоқ бўлиб келмоқда.
Асосий мавзуга ўтишдан аввал олимнинг таржимаи ҳоли ҳақида тўхталсак. 1882 йили Астрахан губерниясининг Зацаревский бўлисидаги Башмаковка қишлоғида ўзига тўқ деҳқон оиласида туғилган. Пўлат 3 ёшида онасидан айрилади, отаси тахминан 1919 йилда вафот этган. Маълумки, Астрахан Туркистон ва Русия ўртасидаги савдо йўли устида жойлашган эди. Отасининг аждодлари Бухоро ва Тошкент яқинидан бўлиб, у ерга кўчиб бориб қолишган. Пўлат тарихий ватанига қайтишга қарор қилади. Қозондаги Мадрасаи Муҳаммадия ва Уфадаги Мадрасаи Ғалияни битириб, олий мусулмон маълумотини олгач, бу фикри янада қатьийлашади. У юртига қайтиб, қишлоқларда, Тошкент ва Қўқонда дастлаб мактабларда дарс беради. Ўзбекистоннинг совет даври тарихидаги йирик давлат арбоби, ХКС раиси Султон Сегизбоев унда таълим олганини 1937 йилги таржимаи ҳолида ёзади. Шарқшунос олим Лазиз Азизода, театримиз пойдеворини бунёд этган Маннон Уйғур ҳам унинг таълимини олишган.
1914 йили Пўлат Солиев туркий халқларнинг атоқли олими ва йўлбошчиси Закий Валидий Тўғон билан танишади. Улар 1917 йилда Туркистон мусулмонлари қурултойида иккинчи марта Тошкентда учрашишади. Бу танишувлар кейинчалик Пўлат Солиев фожиали тақдирига таъсир кўрсатган омиллардан бири бўлди. Чунки Тўғон муҳожирликка Туркияга мажбуран жўнаб кетгач, унга Совет ҳукумати ёпиштирмаган ёрлиқ қолмаган: пантуркизм, панисломизм, миллатчи ва бошқалар. Айниқса, у 1930 йилда П.Солиевга юборган хат (машҳур «Туркистон тарихи» асарини Самарқандда нашр этиш имкони бор-йўқлигини сўраган) баҳона бўлди. Хат жумҳурият Наркомпроси томонидан ушланиб, П.Солиев унинг нусхасини олган.
Профессор Солиевнинг қизи - Фарида опа учрашувларимиздан бирида ҳикоя қилишича, у 1917 йилги Февраль инқилобини катта умид билан кутиб олади, тез орада Санкт-Петербургда, тошкентлик эски таниши, Русия Вақтли ҳукумати раиси А.Ф.Керенский билан учрашиб, кўтаринки кайфиятда қайтади. Керенский Туркистон маҳаллий аҳолиси халқ таълимининг кенг миқёсли дастурини ҳаётга татбиқ этишга ҳар жиҳатдан ёрдам беришни ваъда қилади.
Пўлат Солиев Қўқонда янги мустақил давлат тузилиши - Туркистон Мухторияти шаклланишида фаоллик кўрсатади. Туркистон Вақтли Кенгаши ва Туркистон Халқ (миллий) мажлиси (булардан ҳукумат тузилиши кўзда тутилган) аъзоларидан бири бўлди, айни пайтда машҳур «Эл байроғи» рўзномасининг бош муҳаррири эди. Туркистон мухторияти тор-мор этилгандан сўнг у Маориф халқ комиссарлиги тизимида ишлай бошлади. Ўша йиллар илмий экспедицияларга чиқиб, аҳоли этнографияси, иқтисодиёти, ижтимоий турмушини ўрганади. 1920 йили «Англия зулми остидаги Ҳиндистон» асарини эълон қилиб, Ўрта Осиёда илк бор миллий-озодлик кураши ҳақидаги масалани кўтаради.
Илғор зиёлилар - Абдурауф Фитрат, Назир Тўрақулов, Садриддин Айний, Абдулла Беги (Мустафаев), Ашурали Зоҳирий, Рози Олим Юнусов, Абдулла Қодирий ва бошқалар унинг ҳаммаслаклари эди. 1922 йилдан Бухорода Халқ маорифи нозирлигининг илмий кенгаш раиси, Ўқитувчилар олийгоҳида муаллим ва «Маориф» ойномаси муҳаррири бўлиб ишлайди. Амир архиви ва бой кутубхонасида ишлаш имкони туғилади, Бухоронинг бой тарихига оид асарларини ёзади. 1924 йил августида нозирлик Пўлат Солиевни Москвага, Бухоро маориф уйига ўқитувчи сифатида юборади, айни пайтда Қизил профессура институтида эркин тингловчи бўлади ва Свердлов номли Коммунистик университетда лекциялар тинглайди. Ўша пайтларда чекистлар уни кўздан қочирмаган, хусусан, «Культурник» ва «Бывший» лақабли хуфиялар ҳар бир қадамини кузатган.
Москвадан қайтиб келиб, у 1927 йил январда очилган Самарқанд олий педагогика олийгоҳи ўқитувчиси, шарқ халқлари кабинети мудири бўлиб ишлайди. 1930 йили олийгоҳ қайта ташкил этилиб, Ўзбек давлат педакадемиясига айлантирилади, фидойи олим профессор этиб тайинланади. 1933 йили у Ўзбекистан Давлат дорилфунунига айлантирилади, 1935 йили биринчи марта (!) Ўрта Осиё халқлари тарихи кафедраси ташкил этилиб, унинг илк мудири бўлиш П.Солиевга насиб этди.
1936 йили олим оиласи билан Тошкентга бутунлай қайтиб келади. ЎзССР ХКС қошидаги Фан Қўмитаси Ўзбекистон тарихи секциясига бошчилик қилади. У 1937 йил кузга қадар нафақат Тошкент, балки Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва бошқа шаҳарлардаги олийгоҳларда ҳам лекция ўқийди.
1937 йил 13 октябрида Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги давлат хавфсизлиги бошқармаси ходимига Пўлат Солиевни тинтув ва қамоққа олиш топширилди, кутубхона ва шахсий архивли хона муҳрланди.
Уни қамоққа олишга расмий (формал) сабаблар бормиди? Мен эга бўлган фактлар бу сабаблар мавжудлигини тасдиқламоқда. У ишонган ва ҳатто дунёқараши жиҳатидан яқин ҳисоблаган, аслида орган ходимлари бўлган айрим кишилар орасида эҳтиётсизлик билан айтган сўзлари жазо органларига маълум бўлиб турган.
1937 йилнинг июнида боши узра қора булутлар соя ташлай бошлаганини сезса ҳам, меъморчилик ва қадимги қўлёзмалар билимдони, собиқ ёш бухоролик кекса отахон, НКВД томонидан «аксилинқилобий фаолият» учун қамалган Мусо Саиджоновнинг бебаҳо кутубхонасини сақлаб қолиш билан дадил шуғуллана бошлади. Унинг оиласи катта, моддий ёрдам бериб, кутубхонани сотиб олиш керак, деб раҳбарларнинг одамгарчилиги, инсоний ҳис-туйғуларига таъсир этмоқчи бўлди. ЎзДУ ректори Файзуллаев, тарих куллиёти декани кутубхонани 6 минг сўмга сотиб олишга унинг эгаси «аксилинқилобчи» бўлгани учун мутлақо қарши эканликларини билдиришди, Пўлат Солиев эса ўз таклифи билан «халқ душмани» оиласини таъминлашга ҳаракат қиляпти дейишди. Дорилфунун домлаларининг даҳшатли кунлардаги аҳволини тушуниш қийин эмас. Қолаверса, ҳамма ҳам Пўлат Солиев бўлолмасди, нафақат ўзини, оиласини ҳам хавф-хатарга қўйишга ҳамма ҳам тайёр эмас эди.
Дарвоқе, 1954 йилда Жавоҳарлаъл Неру «Ҳиндистон Англия зулми остида» китоби муаллифи Пўлат Солиевнинг тақдири билан қизиқиб, унинг қабрига гулчамбар қўйишга хоҳиш билдиради. Ўшанда СССР раҳбарлари «У йўлда вафот этган», деб жавоб беришган. Аслида Пўлат Солиев 1937 йилнинг октябрь ойида қатағон қилиниб, отиб ташланган. Дафн этилган жойи номаълум.
Ўзбек тарихчиларининг устози Пўлат Солиевнинг хаёллари ёруғ эди. У катта орзу-умидлар, ижодий завқ билан яшарди. Бироқ ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталарида олимнинг бошидан қора кунлар кеча бошлайди. Пўлат Солиев билан Ўрта Осиё коммунистлар Дорилфунуни «Умумий тарих» кафедрасининг раиси ва айни вақтда Ўрта Осиё марксизм-ленинизм илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон ва Ўрта Осиё халқлари тарихи бўлими (сектори) мудири Абрам Гуревич ўртасида юзага келган масала талашишлар худди ана шу 30-йилларнинг ўрталарига бориб тақалади. Илгари Москвада «Правда» рўзномасида ишлаган Абрам Гуревич «Коминтерннинг юзага келиши ва ривожланиши» асарида йўл қўйган хатолари учун партиявий жазо олиб, Тошкентга бадарға қилинади. Бунда унинг ўзига дастлаб, у еврейларнинг Социал Демократик Ишчи партияси («Поалей Цион»)га аъзо бўлгани ва йўл қўйилган хатолари ҳам тасодиф эмаслигини эслатиб қўйишади. Абрам Гуревич Тошкентга келганидан кейин Ўрта Осиё феодализми тарихини ўрганишга киришиб кетади. Уни, айниқса, Чиғатой даври кўпроқ қизиқтиради ва у бу мавзуда ҳатто ҳимоя иши ҳам бошлаб юборади.
1934 йилда Абрам Гуревич Ўрта Осиёнинг тарихий фронтидаги ҳолат ҳақида катта дастурий мақола эълон қилади. «Ўрта Осиёда инқилоб ва маданият» (Тўплам 1. Тошкент, 1934 й.) тўпламида чоп этилган мазкур мақола ВКП(б) МК ва СССР Халқ Комиссарлари Кенгашининг «СССР мактабларида гражданлар тарихини ўқитиш ҳақида»ги қарорлари ва унга доир кўрсатмаларни ўзида акс эттирган бўлиб, у бутунлай танқид руҳи билан суғорилганди. Абрам Гуревич ўз танқиди найзасининг заҳарли учини, асосан, Бартольд мактабига, тўғриси унинг асосчиларига, «ўлка тарихини махсус ўрганувчилар»га қаратганди. Бунда Абрам Гуревич ўзбек тилида ижод қилувчи олимлар, айниқса, Пўлат Солиев, Газиз Убайдуллин, Фитрат, (шунингдек, коммунистлар, масалан, А.Ҳошимов) ва бошқалар Бартольднинг таъсирига анча-мунча берилиб кетишганини «куйиниб» таъкидлайди. Уларни ижтимоий-иқтисодий босқич (формация)лар ҳақидаги таълимотни камситишда, синфий табақаларга бўлиниш ва синфий курашни бўяб, сохталаштириб кўрсатиш ҳамда йирик жаҳонгирларнинг тарихий жараёнларга таъсирини қайта баҳолашга уринишларда айблайди.
Абрам Гуревич Пўлат Солиевни Ўрта Осиёдаги ўрта аср феодал жамиятини жуда идеаллаштириб юборган, ўша даврларда давлатчилик, иқтисод, халқ хўжалиги, фан ва маданият жуда ривожланганди, деган нотўғри фикрларни илгари сурган, дея қаттиқ танқид қилади. А.Гуревич Амир Темур асос солган давлатнинг Мовароуннаҳр тараққиётига таъсирини инкор этиб, ўрта асрларда халқ ва давлат феодал бойлар, дин аҳллари томонидан бошқарилганини, жаҳолат, қашшоқлик, билимсизлик ҳукм сурганини айтиб, доду фарёд солади. Афсус-надоматлар чекиб, антимарксистик асарларга тегишли баҳо берилмаётгани, Г.Убайдуллин, Пўлат Солиевнинг китоблари эса Ўрта Осиё тарихини ўрганиш бўйича ягона билим манбаи экани, улардан талабалар, муаллимлар ва жойлардаги партия фаоллари фойдаланаётгани ҳақида сўзлайди.
Аммо Пўлат Солиев бундай масала талашиш олимларга хос фазилат эмаслигини, унинг ноилмий, туҳмат ва бўҳтонлигини, тўғрироғи, сиёсий хусусиятга эга бўлиб, жуда хавфли эканини сезганди.
Абрам Гуревичнинг профессор Пўлат Солиевга душманларча қилган ҳужуми унга қарши 1924 йиллардаёқ бошланган курашнинг мантиқий давоми эди. Ўша пайтлардаёқ олимнинг «кирдикорларини фош қилиб ташловчи мақолалар» кетма-кет эълон қилиниб туриларди. Масалан, СССР давлат мадҳиясининг муаллифларидан бири бўлмиш Эл-Регистон ўзи мухбир бўлиб ишлаётган «Правда Востока» газетасининг саҳифаларида мазкур давр учун хос бўлган «Қўқон хони занжирига боғланган итнинг вовуллаши» сарлавҳа остида катта мақола эълон қилади. Эл-Регистон мазкур мақолада Пўлат Солиев, Ходи Файзи ва Абдулла Мустоқаевни Қўқон мухториятининг мафкурачиларига олиб бориб тақаб, уларни ҳали фош этилмаган душманлар (аксилинқилобчилар) деб ҳисоблайди.
«Чаён» ойномасининг масъул муҳаррири Иброҳим Тоҳирий, «Эл-Байроқ» рўзномасининг масъул муҳаррири «Пўлат Солиев жанобларига, - деб ёзади Эл-Регистон, - биз сизларга бойлар, муллалар, эшонлар ҳамда пантуркист зиёлилар мақолаларини эълон қилганингизни ва улар қаламидан тўкилган айрим сатрларни эслатиб ўтмоқчимиз:
«...Туркистоннинг бой ҳамда камбағаллари дин аҳиллари ила ҳамкорлик қилишгани ҳолда бизнинг барча мусулмон халқимиз қўлни-қўлга бериб, бир жон, бир тан бўлиб мухториятни маъқуллашмоқдалар. Шунинг учун ҳам миллий палатада ишлар анча юришиб кетди...»
Эслайсизми, жаноб Пўлат Солиев, сизнинг рўзномангизни қуйидаги шиорлар безаб турарди: «...Туркистон хом-ашёси -Туркистонда қолиши керак!», «...Пахта ўрнига энди дон экамиз!»
«Эй, сиз «Ўзбекистон» бошқармасининг раиси, бандаи мўъмин Файзий, эслайсизми, ўз куёвингиз Пўлат Солиев билан биргаликда Қўқон миллий ҳукумати Олий кенгашида қандай маҳорат ила мажлисбозлик қилгандингиз? Атрофингизга Иброҳим Тоҳирий, Али Ашур-Зоҳирий Аҳмаджонов, Мустоқаев, Элбек ва бошқа ҳамфикру маслакдошларингизни заҳмат чекиб тўплагандингиз, улар сизнинг ёнингизда савлат тўкиб ўтиришарди...
Жаноблар, буларни эслаш сизлар учун ноқулай-ку! Шундай эмасми?»
Пўлат Солиевнинг инқилобга қарши фаолиятини тавсифловчи шунга ўхшаш мақола кейинчалик Москвада нашр этиладиган «Маданий инқилоб» ойномасида «Маърифат душманлари олий ўқув юртларига раҳбарлик қилишмоқда» деган сарлавҳа остида босилиб чиққан. Лекин Пўлат Солиев бундай ноҳақ таънаю маломатларга, отилган туҳмат тошларига, берилган маънавий зарбаларга парво қилмади. У ҳали Эл-Регистоннинг бемаъни танқидлари сиёҳи қуримасиданоқ, ўзбек тарихчиларидан биринчи бўлиб Буюк Ипак Йўли йўналишларида жойлашган шаҳар ва қишлоқларни Ўрта Осиё миқёсида тарихий, археологик, элатшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш зарурлигини уқтириб ўтганди. Бунда, айниқса, Шарқий Туркистон, Монголия ва Хитойга олиб борувчи учта савдо йўлларидан бирида жойлашган шаҳару қишлоқларни текшириб кўриш ғоясини қатъий маъқуллайди ва бу борада амалий ишлар қилишни режалаштириб қўяди.
Пўлат Солиев 1929 йил бешинчи майда Самарқандда ташкил этилган илмий марказ - Ўзбек Давлат илмий-тадқиқот илмгоҳига ўз маърузасини жўнатади. Унда асосан қуйидаги мулоҳазалар баён этилганди: «Туркистонни Хитой, Шарқий Туркистонни Монголия билан бирлаштирувчи савдо йўлларидан бири Етти ариқ савдо йўлидир. Бу йўл бўйлаб фақат Туркистоннинггина эмас, балки ғарбий Оврўпа, Ўрта Ер денгизи қирғоқларидаги мамлакатларнинг карвонлари ҳам ўзларининг савдо-сотиқ амалларини бажаришган. Бу йўлда қадимги даврлардаёқ шаҳар ва қишлоқлар пайдо бўлган. Биз бунда, энг аввало, Чимкент, Сайрам, Мерка, Авлиё-Ота (қадимги номи Толас) шаҳарларини ва Суткент, Қадр, Манкент, Тулкибош, Қорабулоқ ҳамда бошқа қишлоқларни тилга олиб ўтишимиз мумкин. Бу шаҳар ва қишлоқлар бизнинг эрамиздан олдинги бешинчи асрдан буён мавжуддир. Ана шу жойлар элатшунослик, археологик, тарихий ва тил муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларига жуда бой манба бўлиб хизмат қилади. Албатта, Ўрта Осиё тарихи бўйича хону беклар, бойлар, эшон-муллалар қолдирган ҳужжатлар, ёрлиқлар, китоблар ўзбек халқининг қадимий тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Аммо шу билан бирга юқорида номлари тилга олиб ўтилган шаҳар қишлоқларда ҳамда ўлкамизнинг бошқа жойларида қадим-қадим замонлардан бошлаб ҳунармандчилик, косибчилик, санъат, маданият, ишлаб чиқаришнинг хилма-хил турлари кенг ривожланган. Буни ўрганиш эса ўрта асрлар иқтисодиёти ҳақида қимматли маълумотлар беради».
Пўлат Солиев ўзининг айтган сўзларини амалда исботлагани ҳолда 1929 йилнинг июлидан бошлаб ҳар йили таътил вақтида Ўрта Осиёнинг қадимги шаҳар ва қишлоқларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган экспедицияларга раҳбарлик қиларди. Бу илмий экспедициялар таркибида Ўзбекистон Давлат педагогика академияси толиб ва муаллимлари, Тошкент давлат дорилфунуни ходимлари, унинг энг яқин шогирдлари - келгусида академик олим бўлиб етишган И.Мўминов, Я.Fyломов, Р.Набиев ва бошқалар иштирок этарди. Экспедиция ишларининг натижаси ўлароқ, ўзбек халқининг миллий, маънавий дурдоналари захираси кўплаб қўлёзмалар ва қимматбаҳо тарихий манбалар билан бойиди.
Таниқли ўзбек тарихчиси Пўлат Солиевнинг миллий тарихий фикрлар парвози ҳамда ўзбек тарихий мактабининг фожиалари билан узвий боғлиқ ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида битта ёки бир неча мақолада батафсил ҳикоя қилиб беришнинг имкони йўқ. Шу боис келгусида унинг ғаройиб таржимаи ҳолига бағишланган китоб ёзишни ният қилиб қўйганмиз.
Валерий Германов,
тарих фанлари доктори.