Одамови Матсеслар

Амазонка чангалзорларида Матсес қабиласи яшайди. Маданий дунё улар ҳақида 80 йил аввал билиб қолди.

Матсеслар тўрт минг йил аввал аждодлари қандай яшаган бўлса, шундайлигича қолган. Маданий дунё билан мулоқот қилишни истамайди, шунга қарамай улар ҳақида айрим нарсалар аниқланди. Матсес қабиласи тахминан 3000 кишини ташкил этади. Тўдаларга бўлиниб, чангалзорда тарқалиб кетган. Қабиланинг ўз тили, ўз урф-маросимлари бор. Ҳар бир тўда битта умумий бошпанада яшайди. Вояга етган эркак ва аёллар танасига татировка чизиш ҳозирда одат бўлиб қолган.

Қабила асосан балиқчилик, овчилик, томорқачилик билан кун кечиради. Кўнгилочар дамлар учун таббако ва аката деган маросимлардан фойдаланилади. Таббако — бу эркаклар давра қуриб, ўртада ҳар хил бошни айлантириб, сархуш қилувчи ўсимликлар ёқилиб, тутунидан тўйиб-тўйиб ҳидланиладиган маросим. Шу тариқа улар хаёлига келган ёки кўзига кўринган нарсаларни бир-бирига ҳикоя қилиб кўнгил ёзишади.

Аката маросими эса анчайин мураккаброқ. Унда энди гулхан ёқиб ҳидидан сархуш бўлиш кифоя қилмайди. Бунинг учун бақа керак. Яъни, оддий бақа эмас, бошни айлантириб, кўзга ҳар хил ғаройиб нарсаларни кўрсатувчи заҳарли бақа. Бунақа бақалар Амазонкада тиқилиб ётибди. Аката маросимида бақалар панжалари таёқларга тортилиб, иложи борича бошни гангитадиган ҳидни чиқаргунча чўзилади. Ва ҳид тўйиб ҳидланади. Маросим иштирокчилари сархушликдан қувноқ кайфиятда ўйин-кулги қилашади.

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.