Омонқўтон тоғларига айиқ қайтди

Омонқўтон қишлоғи Ургут тоғлари орасидаги Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтиқорача” довонида жойлашган. Ҳудуднинг сўлим табиати, соф ҳавоси ўзига хос бўлиб, тўрт фаслда ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум.

Ўтган йил ушбу маҳаллага “Туризм қишлоғи” мақомининг берилиши ҳудудда туризмни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиши, мароқли ҳордиқ чиқариши учун кенг имконият ҳамда қулайликлар яратмоқда. Қуйида бу ҳақида эмас, мазкур ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва қайта тиклаш мақсадида бундан тўрт йил аввал ташкил этилган “Омонқўтон” миллий табиат боғи ҳақида сўз юритамиз.

“Омонқўтон” миллий табиат боғи Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 мартдаги қарори асосида ташкил этилган. Ушбу маскан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфида фаолият юритиб, ноёб табиий бойликларни асраш ва келажак авлодларга соғлом муҳит қолдиришга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.

— Ургут ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 1,5 минг гектар ер майдони миллий боғ учун ажратилган, — дейди “Омонқўтон” миллий табиат боғи директори Азамат Амруллаев. — Шундан 1000 гектари қўриқхона зонаси, 400 гектари рекреация, 100 гектари эса хўжалик юритиш ҳудудларидир. Асосий мақсад — йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини муҳофаза қилиш, ўрмон ресурсларини сақлаш ва экотуризмни ривожлантириш.

Қисқа вақт ичида боғ ҳудудида “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида қатъий тартиб ўрнатилди. Илгари аҳоли томонидан чорва боқиш, дарахт кесиш, доривор ўсимликларни териш ҳолатлари учраб турган бўлса, бу каби ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилди. Тарғибот ишлари кучайтирилиб, аҳолига табиатни асраш нафақат бугун, балки келажак авлодлар олдидаги бурч экани тушунтирилди.

Маълумотларга кўра, Омонқўтон ҳудудида 1300 дан ортиқ ўсимлик тури, 120 дан зиёд ҳайвон ва жонзотлар яшайди. Уларнинг катта қисми Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Айни пайтда 15 нафар ходим ана шу ноёб бойликни асраб-авайлаш йўлида хизмат қилмоқда.

— Кўрилган чоралар самараси ўлароқ, табиат тикланмоқда, — дейди Азамат Амруллаев. — Қушлар, судралиб юрувчилар ва ёввойи ҳайвонлар сони ошди. Илгари кам учрайдиган, “Қизил китоб”га киритилган 37 тур ўсимлик ҳозир ҳудудда кенг тарқалмоқда. Миллий боғ илмий тадқиқотлар учун ҳам очиқ. Самарқанд давлат университетининг ботаника ва зоология кафедралари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ноёб турларни ўрганиш ва кўпайтириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Омонқўтон тоғ лоласини инвитро усулида кўпайтириш тажрибаси муваффақиятли ўтказилиб, кенг ҳудудларда экиш орқали гўзал манзара яратилди. Ов қилиш тақиқлангани сабабли кўчиб юрувчи қушлар ва ҳайвонлар ҳам бу ҳудудга қайта бошлади. Қарийб 70 йилдан сўнг Зарафшон қирғовулининг пайдо бўлиши, шунингдек, она айиқнинг икки боласи билан боғ ҳудудига кириб келиши табиат тикланаётганининг ёрқин далилидир.

Омонқўтон тоғларида кўп асрлик Зарафшон тоғ арчаси, дўлана, учқат, аччиқ бодом каби ноёб дарахтлар ўсади. Шунингдек, 1878 йилда Европа ўрмонларидан келтирилган айлант, акация, эман, заранг, ясен ва қирим қарағайи ҳозирда ҳудудни қуюқ ўрмонзорга айлантирган. Охирги мониторинг натижаларига кўра, бир миллион тупдан ортиқ ёш ниҳоллар табиий равишда кўпайган ва аввал қуриб қолган ўндан ортиқ булоқлар кўзи очилиб, тоғ бағридан зилол сув оқмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “Омонқўтон” миллий табиат боғи ходимларининг қисқа вақт ичида амалга оширган саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бутун гўзаллиги билан асраб-авайлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани ушбу ҳудуд мисолида яққол намоён бўлмоқда.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.