Тоғ туризми: Қулай шароит, имконият ва даромадлар
Кейинги вақтларда Европа мамлакатларида тоғ-ғор туризми анча ривожланди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида туристик экскурсиялар уюштириладиган ғорлар 1250 дан ортиқ. Ўзбекистонда дунёга машҳур ўнлаб ғорлар бўлишига қарамай, бирорта ғор туристик экскурсия ташкил этиш учун тайёрланмаган.
Туризм дунёдаги кўпгина давлатлар иқтисодиётининг муҳим даромад манбаи саналса, ривожланаётган мамлакатларни барқарор тараққий эттириш концепциясида тоғ туризмининг ўрни алоҳида.
2005 йилда дунё бўйича 338 миллион одам тоғ туризми индустрияси билан шуғулланган ва йиллик даромад 7,2 триллион АҚШ долларини ташкил этган. Ҳозирги вақтда европаликларнинг қарийб ярми тоғли жойларда дам олишни маъқул кўради. Ҳар хил таассурот қолдирувчи хилма-хил табиий географик объектларни кесиб ўтувчи маршрутлар туристлар орасида катта қизиқиш уйғотади.
Масалан, Японияда “тезюрар поездлар тизими“ мамлакатнинг асосий шаҳар марказларини баланд тоғлар билан, Швейцарияда троллейбуслар шаҳарни тоғ музликлари билан боғлайди. Бундай мисоллар Шимолий Америкада ҳам мавжуд.
Тоғ рельефи текисликка нисбатан нафақат ландшафт, эстетик жиҳатдан қулайликларга эга, балки тоғнинг соф мусаффо ҳавоси ультрабинафша нурларининг кўплиги, турли хил спорт турларини ташкил қилиш имкониятлари билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам Европада Альп, Осиёда Ҳимолай, Африкада Атлас, Америкада Кордилера халқаро тоғ туризми районлари бўлиб қолди. Айниқса, Альяска, Канада тоғларида, Гренландия бўйлаб туристик маршрутлар жуда ҳам машҳур бўлиб, ҳар йили бу ерга 1,5 миллион нафардан ортиқ турист келади. Россияда Олтой, Тебер, Урал ва Бошқирд тоғларида эса кўп кунлик отда ошиб ўтиш туристик маршрутлари ривожланган.
Юртимизнинг сўлим тоғи масканларида ҳам отда юриш туризмини ривожлантириш учун имкониятлар бор. Бундан ташқари, тоғларнинг ёнбағрида кўпгина мамлакатлардаги каби ғорларга экскурсия уюштиришни ташкил этиш катта фойда келтиради.
Дарвоқе, кейинги вақтларда Европа мамлакатларида тоғ-ғор туризми анча ривожланди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида туристик экскурсиялар уюштириладиган ғорлар 1250 дан ортиқ. Масалан, АҚШда 169 та, Францияда 110 та, Японияда 94 та, Испанияда 68 та, Хитойда 62 та, Австралияда 58 та, Германияда 53 та, Россияда 8 та. Ўзбекистонда эса дунёга машҳур ўнлаб ғорлар бўлишига қарамай, бирорта ғор туристик экскурсия ташкил этиш учун тайёрланмаган.
Келажакда Ўзбекистон тоғларининг туристик ва рекреацион объектлари халқаро аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва бошқа шаҳарларнинг мафтункор ландшафтларига эга бўлган тоғларга яқин жойлашганлиги хорижлик сайёҳларни жалб қилади.
Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон тоғли ҳудудларининг рекреацион ресурсларидан фойдаланиш ва туризмни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири – бу қулай иқлим шароити, тоғ ва баланд тоғ зоналарини қоплаган тоғ арча ўрмонлари, субальп ва альп ўтлоқлари, қуруқ иқлим ва соф ҳаво, озон, ҳавони ҳар хил касалликлардан тозаловчи фитонцит енгил учувчи бирикмалар, узоқ давом этувчи қулай ҳарорат, организм учун оптимал нисбий намлик. Шу ва бошқа иқлим омиллари кўрсаткичлари бўйича мамлакатимиздаги тоғлар Ўрта денгиз рекреацон имкониятларидан кам эмас ва бу ерда иқлим билан даволаш, дам олишни ташкил этиш учун мақбул имкониятлар етарли.
Айниқса, республикамиз тоғли ва тоғолди ҳудудлари бебаҳо ва ҳозирга қадар кам ўрганилган ҳар хил касалликларни даволовчи шифобахш минерал сув манбалари, иқлим хусусияти ва спорт-соғломлаштириш жойларига эга. Ўзбекистон тоғли ҳудудларида 60 дан ортиқ минерал сув манбалари (булоқлар) топилган. Фарғона ва Сурхондарё водийларида кенг тарқалган маъданли сувлар ўзининг даволаш хусусиятлари бўйича Кавказдаги машҳур олтингугурт сувларидан (Сочи, Мацета ва бошқалар) кам эмас.
Афсуски, Ўзбекистоннинг тоғли зоналарида бой туристик рекреацион ресурслар амалда ўзлаштирилганича йўқ. Бунга асосий сабаб туристик базалар ва меҳмонхоналарнинг камлиги ҳамда транспорт инфраструктурасининг яхши ривожланмаганлигидир.
Ҳозирда Ўзбекистон халқаро тоғ туризми рақобатчилик курашида ютқазмоқда. Шулардан келиб чиқиб, биз Ўзбекистонда халқаро тоғ туризмининг ўчоғи бўлиши мумкин бўлган текислик-тоғ маршрутлари ҳақида маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Ўзбекистонда халқаро тоғ туризмини ривожлантиришнинг биринчи маркази Туркистон тизмасининг шимолий ёнбағрида жойлашган Зомин тоғидир.
Кейинги вақтларда бу ҳудуд табиатининг ноёб ва экзотик хусусиятлари ҳамда бутун дунёга машҳур тарихий ёдгорликларга бой шаҳарларнинг яқинлиги туфайли хорижликларда қизиқиш уйғотмокда. Муҳими, бу ҳудудга бориш осон (Тошкент-Самарқанд электрлашган темирйўл ёқасида жойлашган Даштобод шаҳри орқали Зомин тумани марказига 22 километр).
Бу ҳудуднинг туристларни жалб қиладиган экзотик географик (ландшафт) объектларидан бири – Зомин миллий боғидир. Бу ерга келган туристларни табиатнинг ноёб ҳодисалари: тоғ рельефи, мағрур турган чўққилар, шаршара, ғорлар (20 дан ортиқ ғор бор), реликт ўсимликлар, арчазорлар, ноёб ҳайвон турлари, нураш натижасида ҳосил бўлган одамсимон шакллар, дунёда кам учрайдиган арид (қурғочил) минтақаларга хос бўлмаган супер экзотик карст жараёнлари – “эгат“, “жўякли“, “чуқурча“, “ўйиқ“ шудгорсимон, чуқурсимон шакллар, ўзгармаган гўзал, мафтункор табиат ўз қўйнига олади.
Бу маршрут қуйидагича тузилади: Даштобод-Зомин миллий боғи-ўўралаш арчазорлари-“Қирққиз“ ва Карст далалари-Бахмал (новқа карст булоғи), Авлиё булоғи-Илон ўтди ғори-Пешғор ғори-Зомин.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тоғларига ўхшаш шароитда жойлашган АҚШнинг қояли тоғларидаги Санте-фе ва Ҳиндистоннинг Лорджини баланд тоғли курортлари ҳам бутун дунёга машҳур. Лекин иқлим шароити, жойнинг рельефи, ноёб комплекс табиий шароити бўйича биргина Зоминсув дарёси ҳавзасидаги Супа платоси бу каби тоғ-спорт марказларидан юқори туради.
- “Самарқанд – Омонқўтон ғори“ маршрути.
Ўзига хос туристик объектларга бой бўлган халқаро туристик объектлардан бири Зарафшон тоғларидир. Бу ерда 30 дан ортиқ ғор ва минглаб карст кўринишлари бўлиб, бу туризмнинг айрим соҳаларини ривожлантиришга имкон беради. Зарафшон тоғлари енгил эрувчи, карст ҳосил қилувчи девон геологик даврининг оҳактошларидан тузилган. Шунинг учун бу тоғлар қадимги карст ғорларининг кўплиги билан фарқ қилади.
Айниқса, бу ерда бутун дунёга машҳур Омонқўтон ғори бор. ўор 1220 метр баландликда, Самарқанд-Китоб йўлининг ёқасида жойлашган. Чет элликлар ғордан ташқари Омонқўтон дарёси атрофида бир ярим аср аввал инсон қўли билан тоғ ёнбағрида яратилган аралаш ўрмонларни кўради.
III. “Самарқанд – Камонгарон“ маршрути.
Хорижлик сайёҳлар учун энг ноёб экзотик ландшафт – Самарқанд шаҳридан 50 километр жанубда, ер сатҳидан 2200-2300 метр баландликда жойлашган Қирқтоғ платосидир. Бу жой ландшафт манзарасига эга бўлиб, плато девон даврининг оҳактошларидан тузилган. Бу эса Ўрта Осиё шароитида карст жараёнларининг кенг, интенсив ва классик ривожланишига мисол бўла олади. Бу ерда 3 мингдан ортиқ карст кўринишлари, 64 бўшлиқ (полость), 5 та горизонтал ғор, 56 та қудуқ ва шахта мавжуд. Энг чуқур шахта 1080 метр бўлиб, унинг сув йиғувчи катта кўли бор. Бу карст кўли Ургут ва Китоб туманини сув билан таъминлайди. Карст шахтаси эса МДҲ ҳудуди ва Осиё қитъасидаги энг чуқур табиий ғор ҳисобланиб, дунёнинг энг чуқур ғорлари ўртасида учинчи ўринни эгаллайди.
- “Бухоро – Сармишсой“ маршрути.
Зарафшон водийсида текислик-тоғ туристик тизимидаги яна бир маршрут Бухоро-Сармишсой маршрутидир. Бухоро шаҳрида меҳмонхоналарда жойлашган сайёҳлар автобусда Бухородан ўарбий Нурота тоғларининг жанубий ёнбағрида жойлашган Сармишсой водийсидаги тоғ қояларига туширилган қадимги ноёб расмларни томоша қиладилар. Бу туристик объект Нурота тоғларининг ғарбий чекка қисмининг жанубий ёнбағрида, буюк мерос сақланиб қолган Сармишсой массивида жойлашган. Сармишсой ноёб ёдгорлик ҳисобланиб, катта қизиқишга эга бўлган ва бутун дунё мутахассисларининг диққат-эътиборида туради. Бу қоя санъатининг улкан ёдгорлиги бўлиб, қадимги ўсимликлар ва ҳайвонлар тўдасининг эволюцияси ҳақида аниқ тасаввур беради. Сармишсойнинг тоғ манзараси ўзининг улуғворлиги, тарихий ва табиий ўзига хослиги, такрорланмас гармониялиги билан кишини ҳайратда қолдиради. Бу ерда неолит давридан бошлаб, ҳозирги пайтгача яратилган петроглифлар бир неча мингдан ортиқ саналади.
Ўзбекистонда яна қўшимча туристлар оқимини вужудга келтириш имкониятларидан бири – конгресс туризмини йўлга қўйишдир. Бу қадимий тарихий шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро ва Тошкентда халқаро конгресс ва конференциялар ташкил қилиш, дегани. Конгресс ва конференциялар дастурига текислик-тоғ тизими бўйича Самарқанд-Зарафшон тоғлари тизмасига, машҳур Омонқўтон ғорига, Сармишсой тоғ массивига экскурсиялар уюштириш керак. Жаҳон тажрибасида бунга мисоллар кўп. Масалан, биргина Женевада ҳар йили 200 дан зиёд конференциялар ўтказилади. Сўнг кўл атрофидаги тоғларга маршрутлар ташкил қилинади.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг тоғли минтақаларини, шу жумладан, рекреациявий имкониятларини ишга солиш мамлакатимизга қўшимча ҳар йили 10-12 минг чет эллик ва маҳаллий туристларнинг келиши, бунинг натижасида 10 миллион АҚШ долларидан зиёд қўшимча даромад олиш имкониятини беради.
Лапас АЛИБЕКОВ, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, география фанлари доктори, профессор.