Мактаблар маслаҳатчи лавозими жорий этилади

У қандай вазифаларни бажаради?
Жорий йил 1 октябрьдан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг 3400 нафар ўринбосари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига 10 минг нафар мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди. Бу лавозимга биринчи навбатда даъвогарлик қиладиган директор ўринбосари ёки бошқа номзодлар суҳбатдан ўтишлари учун етарли билим ва тажрибага эга бўлиши талаб этилади.
2026 йил 1 январдан иш бошлайдиган мактаб маслаҳатчиси таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг муаммоларини тинглаб, уларга ечим топади. Битирувчиларни касб-ҳунарга қизиқиши бўйича йўналтиради. Ота-оналар ва синф раҳбарлари билан ҳамкорликда ўғил-қизларнинг ижтимоий мослашув жараёнига кўмаклашади. Шу нуқтаи назардан ўқувчининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашда мактаб маслаҳатчисининг ўрни беқиёс.
Масалан, ўқувчи синфдошларидан ажралиб қолган, дўст орттира олмайди, ўзини ёлғиз ҳис қилади. Бундай вазиятда маслаҳатчи уни суҳбатга чорлайди, қизиқишларини аниқлайди, синфдаги бошқа ўқувчилар билан гуруҳли машғулотлар ўтказади. Шу орқали бола аста-секин жамоага қўшила бошлайди. Иккинчидан, бир ўқувчи дарсларда қолоқ, баъзи фанларни тушунмайди, шунинг учун ўзига ишончи камайган. Маслаҳатчи боланинг кучли томонларини топади, у билан мотиватсион суҳбат ўтказади, қўшимча тўгаракларга йўналтиради. Натижада унинг ўзига ишончи ортади. Оила билан боғлиқ муаммо бўлганда, яъни ўқувчининг уйида ота-онаси тез-тез жанжаллашади. Бу ҳолат боланинг кайфияти ва ўқишига салбий таъсир қилмоқда. Маслаҳатчи ўқувчини тинглайди, унга руҳий кўмак беради, ота-онаси билан суҳбат ўтказиб, болага меҳр ва эътибор зарурлигини тушунтиради.
Маслаҳатчи юқори синф ўқувчиларига ҳам ёрдам беради. Мисол учун, 11-синф ўқувчиси келажакда қайси касбни танлашни билмай қийналмоқда. Маслаҳатчи касб танлаш бўйича тестлар ўтказади, қизиқишлари ва қобилиятларини аниқлайди, турли касб эгаларини учрашувга таклиф этади. Ўқувчи аста-секин ўз йўлини топа бошлайди.
Бундай лавозим ривожланган давлатлар тажрибасида яхши самара берган. Масалан, АҚШда 250 нафар ўқувчига битта маслаҳатчи тўғри келади. Мактабларда ўқувчиларнинг интизомий муаммолари 20 фоизга камайган. 2022 йилги ПИСА тадқиқотлари натижаларига кўра, Финландияда болаларнинг мактабни ташлаб кетиш кўрсаткичи атиги 0,3 фоизни ташкил этади. Японияда руҳий тушкунлик даражаси 15 фоизга камайган. Германияда мактаб маслаҳатчиси билан ишлаган ёшларнинг 70 фоизи танлаган касбидан қониқиш билдирган. Жанубий Кореяда ўқувчилар орасида стресс юқори бўлганлиги сабабли маслаҳатчилар психотерапевтик методлардан кенг фойдаланади. Канада мактабларида эса маслаҳатчилар нафақат ўқувчиларга, балки ота-оналар ва ўқитувчиларга ҳам маслаҳат хизматини кўрсатади.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ,
Ургут туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.