Самарқанд қаҳратони: Беш аср аввалги аномал совуқ

Тарих фанида сиёсий ўзгаришлар ва ҳарбий юришлар билан бир қаторда, иқлим омилларининг жамият ҳаётига таъсири ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ўрта аср манбаларида қайд этилган табиий офатлар ўша давр иқтисодий ва ижтимоий манзарасини тўлиқроқ тасаввур қилиш имконини беради. Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) асари XVI аср бошларида Туронда кузатилган аномал об-ҳаво шароити ва унинг оқибатлари ҳақида қимматли маълумотларни ўз ичига олган тарихий манбадир. Хусусан, ҳижрий 918 (милодий 1512) йилнинг қиш мавсумида Самарқандда кузатилган кескин совуқ ҳаво оқими минтақа аҳолиси учун жиддий синовга айланган.

Манбаларда келтирилишича, мазкур даврдаги иқлим ўзгариши одатдаги мавсумий совуқлардан кескин фарқ қилган. Восифий ўз хотираларида табиатнинг бу инжиқлигини бадиийлик билан “тўртинчи фалак ҳукмдорининг ер юзини замҳарир ўқлари билан нишонга олиши” тарзида қайд этади. Бу тасвир ўша йилги қишнинг фавқулодда қаттиқ келганини, ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида кундалик ҳаёт тарзининг издан чиққанини англатади. Шаҳар инфратузилмаси ва аҳолининг яшаш шароити бундай кескин иқлим ўзгаришига тайёр эмас эди. Натижада, табиий офат ортидан иқтисодий қийинчиликлар ва озиқ-овқат тақчиллиги юзага келди.

Қаҳратон совуқнинг бевосита таъсири бозорлардаги нарх-навога ва аҳолининг харид қобилиятига зарба берди. Самарқандда юзага келган очарчилик ва қимматчилик вазияти манбада аниқ далиллар билан кўрсатиб ўтилган. Нон маҳсулотларининг кескин камайиб кетиши ижтимоий тангликни кучайтирди. Муаллиф одамларнинг осмон жисмларига қараб, уларни нонга ўхшатишини қайд этар экан, бу орқали жамиятдаги очлик миқёси ва психологик ҳолатни ифодалаган. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, Хуросондан кўчиб келган қочқинлар ва талабалар энг оғир вазиятда қолдилар. Уларнинг аксариятида на иссиқ кийим, на етарли маблағ мавжуд эди.

Ушбу гуманитар инқирознинг энг фожиали нуқтаси икки нафар толиби илмнинг тақдирида намоён бўлади. Совуқ ва очлик исканжасида қолган бу ёшлар ҳаётий зарурат туфайли ўзларининг ягона иситиш воситаси бўлган пўстинларини сотиб, егулик олишга мажбур бўладилар. Бироқ, қаттиқ совуқ шароитида иссиқ кийимсиз қолиш ҳалокатли оқибатга олиб келди ва улар вафот этдилар. Бу ҳодиса ўша даврдаги ижтимоий таъминот тизимидаги бўшлиқларни ва табиий офатлар олдида инсоннинг нақадар ожизлигини кўрсатувчи аччиқ далилдир. Восифий ушбу воқеани шунчаки кузатувчи сифатида эмас, балки жараён иштирокчиси сифатида баён қилади.

Юзага келган вазиятдан чиқиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида жамият зиёлиларининг ҳаракати муҳим аҳамият касб этди. Восифий ўз мавқеи ва қаламидан фойдаланган ҳолда, дастлаб маҳаллий зодагонлардан бири Амирко Шоҳийга мурожаат қилади. Унинг ёзган мактуби асосида муҳтож талабаларга пўстин ва кийим-кечак шаклидаги ёрдам кўрсатилади. Бироқ, озиқ-овқат масаласи ҳамон долзарб эди. Шу боис, адиб давлат бошқаруви вакилларига мурожаат қилиш йўлини танлайди. У ўша вақтдаги ҳукмрон шайбонийлар сулоласи вакилларидан бири, Кўчкунчихоннинг ўғли Абу Саид Султонга атаб қасида ёзади ва воситачи орқали мавжуд аҳволни етказади.

Бу ўринда тарихий-этнографик жиҳатдан эътиборга молик яна бир деталь мавжуд. Абу Саид Султон туркий тилли бўлиб, форс тилини тушунмаганлиги, Восифий ва унинг гуруҳи эса туркий тилда ижод қилмаганлиги сабабли, мулоқот таржимон-воситачи орқали амалга оширилган. Бу факт шайбонийлар даври сарой маданияти ва тил муҳити ҳақида хулоса чиқаришга асос бўлади. Натижада, ҳукмдор томонидан ажратилган ўн бош қўй, йигирма ман ун ва ёқилғи ўнлаб илм аҳлининг қишдан омон чиқишини таъминлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 1512 йилги Самарқанд қиши тарихи фақат метеорологик ҳодиса эмас. Бу – давлат ва жамиятнинг фавқулодда вазиятлардаги ҳаракати, ўзаро ёрдам механизмлари ва зиёлиларнинг ижтимоий жавобгарлиги масалаларини ёритувчи муҳим тарихий сабоқдир. “Бадоеъ ул-вақоеъ” асари орқали биз нафақат ўтмиш иқлими, балки аждодларимизнинг қийинчиликларни енгишдаги тадбиркорлиги ва ҳамжиҳатлиги ҳақида ҳам тасаввурга эга бўламиз.

Алишер Эгамбердиев.