Рақамлар ортидаги ҳақиқат: Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг аҳамияти нимада?
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини умуммиллий рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан бошланди. Бу муҳим тадбир шу йилнинг 28 февралига қадар ўтказилади.
Бунда дастлабки 17 кун интернет орқали ва кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланди. Ўзбекистонда рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилишига эътибор қаратилмоқда.
Бу жараёнда, саволларнинг сони 71 та этиб белгиланган.
Таҳлилларга кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришдек муҳим вазифалар белгиланади. Ушбу жараённи самарали амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги”нинг махсус ўқув дастури асосида тайёрланиши ҳам кўзда тутилмоқда, яъни бу борадаги ишларни кенг рағбатлантириб борилиши ҳам амалга оширилади. Шунингдек, мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони ҳам аниқланади.
Агар тарихимизга назар солсак, Ўзбекистонда умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган эди. Сўнгги 36 йилда бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилди. Бироқ тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этиши боис бу тадбир ўтказилиши шу пайтгача кейинга қолдирилган эди. Бунга биринчи сабаб аҳолини рўйхатга олиш баъзилар ўйлаганидек, аҳоли сонини аниқлашдангина иборат эмас эди. Бу жараённи амалга оширишда, мамлакат иқтисодий тузилмасининг барча жиҳатлари, ижтимоий соҳадаги муаммолар билан боғлиқ маълумотларни тўплаш кўзда тутилганлиги ҳам асос бўлиб келди.
Иккинчидан, шахсларнинг иқтисодий хусусиятларига доир маълумотларни тўплаш бу борадаги асосий зарурат эканлигини эътиборга олишимиз зарур бўлди. Оддий қилиб айтганда, аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатини ўтказишда иш режимини тузиш, мамлакат меҳнат бозорида аҳолининг кенг иштирок этиши, бунинг учун жамиятда самарали меҳнат тизимини яратиш, барча шахслар ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва илмий услубни қўллаган ҳолда топиш жуда муҳим роль ўйнади.
Шу боис, бу маълумотларни рўйхатга олиш жараёни доирасида тўпланган ҳар бир маълумот аҳолининг иқтисодий аҳволини ўрганиш, баҳолашга имкон яратишини тушунишни талаб қилган эди. Ҳозирги пайтда эса рўйхатга олиш жараёнлари Ўзбекистонда интернет тармоғи орқали, планшет ва қоғоз усулларида ташкил этилмоқда.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида Ўзбекистонда мамлакатнинг ҳақиқий демографик ва иқтисодий ҳолати аниқланади. Бунда рўйхатга олишнинг асосий мақсадлари:
- аҳоли таркиби ва сони ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш;
- меҳнат ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш;
- шаҳар ва қишлоқларни ривожлантиришда ишончли маълумотлар базасини яратиш;
- давлат дастурлари ва ислоҳотларни илмий асосда режалаштиришдан иборат.
Рўйхатга олиш натижалари давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга ва ижтимоий сиёсатни адолатли шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бирга рўйхатга олиш молиявий тежамкорликка ҳамда замонавий статистика тизимини яратишга замин яратади.
Ушбу тадбир ўтказилгандан кейин бир қанча йўналишларда натижадорликка эришилади. Жумладан, аҳолининг реал жойлашувидан келиб чиқиб, давлат дастурлари режалаштирилади. Ижтимоий соҳа объектлари, яъни мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ҳамда олий таълим муассасаларини қуриш самарали ташкил этилади.
Шунингдек, уй-жой, йўл, сув, канализация, газ ва электр тизимини қуриш ва кенгайтириш лойиҳаларини манзилли амалга ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерларини самарали режалаштириш имконини, инвестицион жозибадорликни оширишда халқаро ташкилотлар ва хорижий инвесторларнинг ишончини оширади ва инвестиция оқими, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини ошириш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш учун маълумот бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, яширин иқтисодиётни аниқ баҳолашда рўйхатга олиш маълумотлари ёрдамида ишсизлар ва норасмий ишларда банд аҳоли қатламлари аниқланади.
Ана шунда мавжуд ишчи кучи, уларнинг салоҳияти, малакаси ва бандлиги ҳақида маълумот олиш имкони яратилади, маълумотлар реестрлари, яъни аҳоли ва турар жой реестри, томорқа ва деҳқон хўжаликлари реестри яратилади. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олишда фуқаролар томонидан берилган барча маълумотлар қонун асосида махфий сақланади. Ер майдони, чорва сони ёки бошқа маълумотлар солиққа тортиш ёки текширув учун ишлатилмайди. Бу маълумотлар фақат умумий статистика мақсадида қўлланилади.
Шунинг учун саволномани хавотирсиз ва тўлиқ тўлдириш мумкин бўлади. Шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги қонун билан кафолатланади ва бошқа идораларга тақдим этилмайди.
Тарихий демографик жараёнларни илмий жиҳатдан ўрганишнинг таҳлили ва натижаларига асосланадиган бўлсак, аҳолини рўйхатга олиш натижалари жамиятимизни янада кучайтиришга имконият яратади. Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.
Хуллас, Ўзбекистон Республикаси мустақил бўлганидан буён аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини илк маротаба ўтказяпмиз. Юртимизда охирги марта 1989 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган. Юртимизда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири бундай кенг кўламда ўтказилмаган. Бугунги кунда аҳолини икки маротаба безовта қилмаслик учун ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири биргаликда ўтказилмоқда.
Раҳимжон Юсупов,
СамДУ доценти, тарих фанлари номзоди.