Таълим ақлли интеллект гирдобига тушмаслиги керак

Рақамли технология, сунъий ақл кириб бормаган ҳеч бир соҳа қолмади. Шу жумладан, таълим тизими ҳам ақлли интеллект (AI) орқали жиддий янгиланмоқда, ўқувчиларнинг билим олиш усулларини самарали қилишга хизмат қиляпти.

AI таълимда нафақат қўшимча восита, балки шахсийлаштирилган ўқиш ва мустақил ижодий фаолиятни қўллаб-қувватловчи муҳим ресурсга айланган.

AI платформалари талабанинг ўқиш суръатини, билим даражасини ва қийинчиликларини таҳлил қилиб, унга мослаштирилган ўқув режаси ҳамда қўшимча топшириқларни таклиф этади. Бу, айниқса, катта синфларда ёки кўп ўқувчили курсларда ўқитувчининг ҳар бир талаба билан алоҳида шуғулланиш имконияти чекланган вазиятларда муҳимдир.

Бугунги кун талабалари AIдан жуда кўп мақсадларда фойдаланмоқда. Жумладан, тақдимот ва маъруза матнларини тайёрлаш, мураккаб мавзуларни содда тилда тушуниш, илмий маълумотлар излаш, шунингдек дастурлаш ёки математика масалаларини ечишда AI ёрдамидан фойдаланиш ҳолатлари кўп учрайди. Сунъий интеллектли чатботлар талабаларга изоҳ бериш, тушунмовчиликларни бартараф этиш ва мустақил ўрганишни осонлаштиришда ҳам хизмат қилмоқда.

Бироқ, AI муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Қандай дейсизми? Энг асосий хавотир – талаба мустақил фикрламай қўяди, ўзлаштириш даражасини пасайтиради. Ҳар бир топшириқни “темир дўст”лар бажараверса, ёшлар ўз билимини мустақил равишда шакллантира олмайди. Бунда ўқувчилар AI тақдим этадиган дастур ёрдамида уйга вазифаларни осонлик билан топади-қўяди. Оқибатда мавзу ёдда қолмайди, таълимнинг моҳияти йўқолади.

AI ёрдамида тайёрланган ишлар плагиат ва ахлоқий муаммоларни кучайтириши ҳам аниқ. Шу сабабли ўқитувчилар AIдан фойдаланишини жиддий назорат қилиб, талабаларни унга тўғри ёндашишга ўргатиши жуда-жуда зарур.

Лола Маннобова,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.