Темурийлар даврига оид ноёб яктакча Самарқанд музейида сақланмоқда

Марказий Осиё ҳудудидан топилган археологик ёдгорликлар, ёзма манбалар, қўлёзма китоблар ҳамда қадимий либос намуналари ўзбек халқининг чуқур илдизларга эга эканини кўрсатади. Археологик қазишмалар натижасида ер остида сақланиб қолган қасрлар, ёдгорликлар, деворий суратлар, буюмлардаги тасвирлар ва ўрта аср миниатюралари ўтмиш либослари ҳақида қимматли маълумот беради.

Илмий таҳлиллар эса бу манбаларнинг тарихий аҳамиятини янада оширади. Ўзбек миллий либослари муайян давр, ижтимоий муҳит, диний қарашлар ва турмуш тарзи таъсирида шаклланган. Либос тикилган мато тури орқали унинг эгаси қайси ижтимоий қатламга мансублиги, моддий аҳволи ва турмуш тарзининг айрим жиҳатларини билиш мумкин. Кекса авлод либосларида айниқса, мато, ранг ва безакларда қадимий анъаналар сақланиб қолган. Шулар қаторида ёқаси очиқ, енги билаккача тушадиган, этиги тиззагача ёки ундан узун бўлган яктаклар туркий халқлар миллий кийимининг муҳим турларидан бири ҳисобланади. Ана шундай ноёб намуналардан бири Амир Бурундуқ мақбарасидан топилган болалар яктакчасидир.

“Самарқанд марвариди” деб ном олган Шоҳи Зинда мажмуаси нафақат меъморий ёдгорлик, балки машҳур алломалар ва саркардалар дафн этилган муқаддас маскандир. Бу ерда Самарқанднинг қарийб уч минг йиллик тарихи мужассам. Хусусан, ушбу мажмуа ҳудудидаги Амир Бурундуқ мақбараси темурийлар даврида барпо этилган бўлиб, ривоятларга кўра, мақбара Амир Темурнинг яқин саркардаси Амир Бурундуққа тегишли. Унинг номи Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ҳам бир неча бор тилга олинган.

Мақбарада илк археологик тадқиқотлар 1925 йилда В.Вяткин томонидан олиб борилган. Кейинчалик 1963–1998 йилларда кенг кўламли таъмирлаш ва ўрганиш ишлари амалга оширилади. Археолог Н.Немсева раҳбарлигида даҳмалар очилиб, тўққизта қабр ўрганилган. Улардан бири ғарбий қисмида дафн этилган 7–9 ёшлар чамасидаги бола жасади олимлар эътиборини тортди. Бола ўз кийими, яктакчаси билан дафн этилган эди.

Яктакча ингичка оч жигарранг ипак матодан тўқилган бўлиб, тўқ жигарранг ип билан қўлда тикилган. Матода геометрик нақшлар, ромб шаклли безаклар мавжуд бўлиб, улар моноксроматик ва айрим жойларда полихром кўринишда ифодаланган. Безаклар занжирсимон тарзда жойлашган бўлиб, ромб ичи тўрт нуқта билан тўлдирилган. Тугмалари ипли тўқилган тўрли безак — дантеллардан иборат бўлган. Яктакнинг кесими замонавий яктакларга жуда яқин бўлиб, унинг узунлиги 94 сантиметр, эни тахминан 2 метрни ташкил этган.

Матонинг келиб чиқиши масаласи баҳслидир. Темурийлар даврида Хитой ипаклари Самарқандга импорт қилинган ва катта талабга эга бўлган. Бироқ Марв, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарларда маҳаллий ипакчилик ва тўқимачилик ҳам юқори даражада ривожланган, маҳсулотлар, ҳатто, экспорт қилинган. Шу сабабли мазкур яктак ипаги импорт қилинганми ёки маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулими — аниқ хулоса қилиш қийин.

Й.Феодорович томонидан олиб борилган кимёвий таҳлиллар матонинг ипак эканини тасдиқлади. Тадқиқот натижасида яктакнинг дастлабки ранги пушти тусда бўлиб, гилос гули тасвири туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинди. Яктак 1966 йилда давлат Эрмитажи реставратсия устахонасида қайта тикланиб, сўнг Самарқанд музейига қайтарилган. Бугунги кунда у музей фондида ноёб экспонат сифатида сақланмоқда.

Боланинг ўз кийими билан дафн этилиши ўрта асрлар Марказий Осиёдаги дафн маросимлари ҳақида ҳам маълумот беради. Ислом қоидаларига кўра, одатда марҳум кафанга ўралиб дафн этилади. Фақат жангда ёки зўравонлик натижасида шаҳид бўлганларгина ўз кийимида кўмилади. Шу боис бу бола табиий ўлим эмас, балки қандайдир фожиали воқеа қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган тахмин илгари сурилади.

Навбаҳор ДАЛИEВА,

“Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими катта илмий ходими.