40 кунда 47 та ноқонуний ҳолат аниқланди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси давлат экологик назорат инспексияси (Экополитсия) ва вилоят экология бош бошқармаси томонидан доимий ўтказиладиган рейдлар давомида жорий йилнинг дастлабки 40 кунида 47 ҳолатда ноқонуний қум-шағал олиб чиқиш аниқланди.
Жумладан, мараторий жорий қилинган Зарафшон дарёсининг Тойлоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи ўзанида тунги вақтда қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олиниб, Ургут ва Самарқанд шаҳрини боғловчи янги темир йўл тармоғи устида махсус бетон мосламалар ўрнатилган ҳолда ташилиб, “Zarafshon Propriety Service” масъулияти чекланган жамияти ҳудудига жойлаштирилган.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 422 миллиард 648 миллион 358 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Бетон бўлаклари темирйўлга қўйилганлиги юзасидан ҳудудий ички ишлар органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Яна бир ҳолатда Тойлоқ туманида яшовчи Ж.С ўз бошқарувида бўлган экскаватор ёрдамида Зарафшон дарёсидан қум-шағални ноқонуний қазиб олиб, “Камаз” русумли юк машинасига ортиб юбораётганлиги аниқланган. Ушбу транспорт воситалари вақтинча сақлаш жарима майдончасига қўйилиб, ҳуқуқбузарларга тегишли чора кўрилди.
Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Тойлоқ тумани ИИБ билан ҳамкорликда навбатдаги рейд тадбирларида туманнинг Ғўлба маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Ж. томонидан туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналидан ноқонуний равишда қум-шағал аралашмаси қазиб олинаётганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан жарима ҳамда 158 миллион 100 минг сўм табиий обектларга етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинди. Транспорт воситалари вақтинча жарима майдонига жойлаштирилди.
Президентимизнинг 2024-йил 17-январдаги фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган. Ушбу фармон сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш ҳамда дарёларнинг табиий оқими бузилишининг олдини олишга қаратилган.
Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати.