“Шаудар” тозалангач, шаҳар экологияси яхшиланади

Самарқанд тумани ва шаҳри ҳудудидан ўтувчи «Шаудар» каналининг умумий узунлиги 21 километр. 1947 йилда ишга туширилган мазкур ариқда 47 та гидротехник иншоотлар қурилган бўлиб, унинг 13 километри Тойлоқ, 8 километри Самарқанд тумани ҳудуди орқали ўтади. «Шаудар»дан ажралиб чиққан учта ариқ эса Самарқанд шаҳри аҳолиси ҳамда суғориладиган ҳудудларни сув билан таъминлайди. Канал орқали 5680 гектар ер майдонида жойлашган 78 та фермер хўжалиги далалари, шунингдек, 50 дан ортиқ маҳалла аҳолисининг томорқаси сув ичади.

Кейинги пайтларда мазкур канал анча саёзлашиб, тозаланмасдан келинаётган эди. Самарқанд тумани ҳокими ташаббуси билан ҳудуддан ўтувчи каналнинг 8 километр қисмида ўзанни тозалаш ишлари бошланди. Ҳашарга тумандаги ўнлаб корхона-ташкилот ва маҳаллалар фаоллари билан бир қаторда 20 га яқин махсус техника жалб қилинди. Мазкур ишлар самарасида канал ўзанида тўпланиб қолган лойқа, ўт-ўлан ва бошқа тўсиқлар бартараф этилиб, сув ўтказиш қобилияти яхшиланади. Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги ерларини вегетация мавсумида кафолатли сув билан таъминлаш бўйича чоралар амалга оширилмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.