Каналларни бетонлаштириш сувни 30 фоизга тежайди
Глобал иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда кейинги 50-60 йилда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 миллиард метр кубдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин. Бунинг оқибатида Ўзбекистон дунёдаги сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор. Қор ва ёмғирларнинг кам бўлаётгани, музликлар ва йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув миқдорининг камайиб бораётгани, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли республикада ўртача йиллик 51-53 миллиард метр куб сув ресурсларидан фойдаланилмоқда.
Шу боис сувни тежаш ва оқилона фойдаланиш бугун ҳар доимгидан кўра долзарб масалага айланган. Хўш, бу борада вилоятда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Эҳтиёжимиз ва истеъмолимиздаги фарқ қанчалик ўсяпти? Ресурсни тежаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Турниязов билан шу ва бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашдик.
– Вилоятимизда ҳам сувдан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш устувор вазифамизга айланган, - дейди Маҳмуд Турниязов. - Сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш, соҳага олий маълумотли ёш кадрларни жалб этиш каби бир қатор индикатор кўрсаткичларни тизимли ташкил этиш юзасидан вазифалар белгиланган.
Бугунги кунда вилоятда 14 та сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси ташкил этилган бўлиб, улар 346,9 минг гектар майдонга эга 8726 истеъмолчига хизмат кўрсатади.
Сувдан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича апрель-сентябрь ойларида суғориш ишларига 2 миллиард 55 миллион метр куб ёки жами лимитга нисбатан 90 фоиз сув етказиб берилди.
Вилоятда сувдан фойдаланиш коэффициенти 0,90 ни ташкил этиб, 1 гектар майдонга сарфланган сув миқдори ўртача 1200 метр кубни ташкил этади. Шу боис 2024 йилда сувни тежаш, ерларни лазер текислаш, ирригация, рақамлаштириш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ҳамда экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан 400 миллион метр куб сув иқтисод қилиниши режалаштирилган.
Ҳозиргача мавжуд ресурсдан оқилона фойдаланишнинг ягона йўли сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобланади. Бу борада жорий йилда вилоятимизда 10948 гектарда томчилатиб, (4438 гектар ғўза майдони) 3033 гектарда ёмғирлатиб, 3235 гектарда пульсар суғориш, 8356 гектарда эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий этилган, 30359 гектар майдонни лазер ускунаси ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилди.
Сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш йўналишида жорий йилда жами 145 та сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш режалаштирилганди. Ҳозирда 549 та сув хўжалиги объектини рақамлаштириш бўйича пудратчи ташкилотлар билан шартномалар тузилди, 419 та «Ақлли сув» қурилмаси, 175 та «Дайвер» қурилмаси тўлиқ ўрнатиб бўлинди.
- Соҳага давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш, қўшимча имкониятлар яратиш борасида қандай чоралар кўриляпти?
- Давлат раҳбари ва ҳукуматнинг тегишли ҳужжатлари билан 2024 йилда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш ишлари ташкил этилиб, хусусий шериклар аниқланган ва рўйхати тўлиқ шакллантирилиб, лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, жорий йилда 35 та объектни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш белгиланган. Ҳозирда бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг хулосасини олиш ишлари амалга оширилмоқда.
2023 йилда 15 та насос станцияси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга берилган бўлса-да, қўшимча келишув битимларини имзолаб, электр энергияси истеъмолини 30 фоизга камайтириш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилда юқорида кўрсатилган насос станцияларни модернизация қилиш учун хусусий шериклар томонидан 2,5 миллиард сўм инвестиция маблағи киритиш вазифаси қўйилган ва ҳозиргача 1,2 миллиард сўм сармоя ўзлаштирилди.
- Вилоятда нечта сув хўжалиги объекти ва улар тасарруфида фойдаланишда бўлган қанча экин майдони бор? Аввалги учрашувларимизда объектларни давлат рўйхатидан ўтказишда бирмунча қийинчиликлар борлиги айтилганди.
- Бошқарма тасарруфидаги ташкилотлар ҳисобида 1101 та сув хўжалиги объекти мавжуд. Шундан 192 та канал, 333 та коллектор, 93 та насос станцияси, 453 та тик суғориш қудуғи, 8 та сел-сув омборлари ҳамда сув омборларининг 3 та кириш-чиқиш каналлари, 333 та коллектор тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказиб бўлинди.
Ҳозиргача вилоятдаги 14 минг 286 гектар сув фонди ер майдонидан 6 минг 971 гектар (48,8 фоиз) ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилган. Мавжуд сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ишлари ер танлаш материаллари шартнома асосида Кадастр агентлиги “Аэрогеодезия маркази” вилоят ҳудудлараро бўлинмаси томонидан тайёрланди.
Вилоят бўйича табиий кўллар, дарёлар, сойлар ва ички ирригация, мелиорация объектлари фойдаланишидаги сув фонди ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда кадастр паспортлари шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказиш учун республика бюджетидан Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тизимидаги ташкилотларига 12351 миллион сўм маблағ ажратилган. Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар “Агрогеодезия маркази” ДМ ўртасида қиймати жами 11 110,4 миллион сўмлик шартнома тузилган.
Шунингдек, дарёлар, сойларга Аэрогеодезия билан шартнома қилиниб, хатлов ишлари якунланди. Бу борада вилоят ҳокимининг қарори ҳам қабул қилинди ва 7 минг 315 гектар майдонни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризалар берилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 ноябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида бу йил мамлакатимиздаги сув омборларида ўтган йилгидан кўп сув йиғилгани, лекин хотиржамликка берилмасликни қайд этди. Дунёда бир вақтлар чўл бўлган ҳудудларда ёғингарчилик кўпайиб, бошқа жойларда қурғоқчилик кенгайиб бораётган шароитда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва каналларни бетонлаш қанчалар устувор вазифа эканлиги яна бир бор исботланди. Биргина 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани ҳисобига республикада 200 минг гектарда сув яхшиланди, йилига 450 миллион куб метр сув иқтисод бўляпти.
Сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туман даражасида сувни ҳисобга олиш тизими шаклланди, фермерлар сувни ҳисоб-китоб қилишни ўрганди. 2024 йил куз ва 2025 йил баҳорда, яъни суғориш мавсуми бўлмаган паллада каналларни тозалаш, иншоот ва постларни таъмирлаш ишлари режа-жадваллари ишлаб чиқилди.
Туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси балансидаги 420 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича режа ишлаб чиқилган ва ҳозиргача 50 километрга яқин тармоқ бетонлаштирилди. Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 2100 километр хўжалик ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилиб, ҳозиргача 650 километрга яқин тармоқ бетонлаштирилди.
Сув далагача тўлиқ етиб боришида ариқ-каналлардаги йўқотишнинг олдини олиш муҳим ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида жорий йилда вилоятдаги 26,2 километр узунликдаги 7 та канални бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар якуни билан йўқотилиш ҳажми 30 фоизга қисқаради.
– Электр энергияси таннархи ошиши сув етказиб бериш харажатларига қанчалик таъсир кўрсатди?
- Тўғри, электр энергиясининг нархи ошиши қўшимча харажатларни келтириб чиқаради. Бунинг учун вилоятдаги сув хўжалиги объектларида муқобил энергияни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозиргача 18 та бино-иншоотда қуёш панеллари ўрнатилди ва бу давом этмоқда. Бу объектларни тўлиқ электр энергияси билан таъминлай олмаса-да, харажатларни камайтиришга ёрдам беради.
Ўктам Худойбeрдиев суҳбатлашди.