Хитой учирадиган сунъий йўлдошга "Самарқанд-2028" номи берилади

“Ўзбеккосмос” агентлиги ва “STAR.VISION” компанияси ўртасида имзоланган меморандумга кўра, Хитой томонидан фазога учирилиши режалаштирилаётган гиперспектрал сунъий йўлдошга “Самарқанд-2028” номи берилади.

Бу 2028 йил Самарқандда ўтказиладиган “Халқаро Астронавтика Конгресси”ни рамзий маънода ифодалайди.

Шунингдек, меморандумга кўра ерни масофавий зондлашга мўлжалланган мазкур йўлдош учун сунъий интеллект модулини “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари ишлаб чиқади. Йўлдош олган суратларни ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда қўллаш мумкин бўлади.