Самарқанд футболи фидойиси Валерий Қодиров ҳақида нималарни биламиз?

Бугун ўзининг саксон ёшини қаршилаётган Самарқанд футболи оқсоқоли Валерий Қодиров севимли жамоаси «Динамо»нинг Суперлигада тўртинчи ўринни эгаллаб, чорак аср олдинги энг яхши ютуғини такрорлаганини эшитиб, ёш болалардек хурсанд бўлди.

- Валерий билан тенг ёшмиз, болаликдан дўстмиз, - деб эслайди спорт фахрийси, Ўзбекистонда замонавий олимпия ҳаракатининг асосчиларидан бири, кўп йиллар Миллий Олимпия қўмитаси ижрочи директори бўлиб ишлаган Игор Петрович Барабан. - У ёшлигидан енгил атлетика билан шуғулланган. Жуда тез югурарди. Вилоят ва республика миқёсидаги 100 метр ва 200 метр масофага бўлган мусобақаларнинг спринт баҳсларида тенгдошлари ва катталар орасида ҳам ундан ўтадигани йўқ эди. Мураббийларни ҳайратда қолдиргани у 400 метр масофада катта тезликда, бутун айлана бўйлаб бир хил тезликда югуриши мумкин эди. Ажойиб тезликка эга эди. Югуриш борасида ғаройиб фазилат соҳиби эди. Валерий Қодиров енгил атлетика билан шуғулланиб, ўз келажагини белгилаб олди. Аммо футболга бўлган муҳаббати барчасини ортда қолдирди. Майдондаги тез югуриши ва ҳаракатларини кўрган мураббийлар уни "қўлга киритиш"га ҳаракат қилишарди.

Игор Петрович ўрта мактабни тугатгандан сўнг дарҳол Валерийни катталар жамоасига қабул қилинганини айтиб берди. 1963 йилда Валерий эндигина 17 ёшга тўлган эди. Ўша даврдаги таниқли мураббийлари С.Сафонов ва Р.Дзасохов ёш футболчини профессионал футболчилар сафига киритиб, ҳеч қачон мағлубиятга учрашмаган эди. Ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўз чизиғида ишончли ўйнаб, ҳатто ҳужумларга ҳам моҳирона қўшила оларди. Югуриб чарчамайдиган ёш футболчи беш йилдан сўнг собиқ Иттифоқнинг энг яхши 33 нафар футболчиси рўйхатига киритилди. Спорт фаолиятини «Б» тоифасидаги жамоалар ўртасида бир неча бор зона биринчилигида совриндор сифатида якунлади.

- Дўстимнинг асл мутахассислиги иқтисодчи эди, - дея давом этди И.Барабан. - Турли вазифаларда ишлади, ҳатто бир муддат Москва шаҳрида ҳам меҳнат қилди. У қаерда ишламасин ўз сўзига, ҳаракати жавоб берар, ўз ишининг устаси эди. Бироқ Валерий Мамажонович вилоят спорт қўмитаси раиси бўлиб ишлаганида, жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган эди.

Жумладан, унинг ташаббуси билан Марказий Осиёда ягона бўлган Самарқанд эшкак эшиш канали қурилди. Ушбу сув ҳавзаси Москвадаги машҳур «Крылатской» ва Мюнхендаги йирик спорт иншооти билан тенг ҳисобланади. Бугунги Самарқанддаги эшкак эшиш сув иншооти инфратузилмаси улардан кам эмас. Айланма канал, лэд-ёритгичлар, ҳашаматли кўп юлдузли меҳмонхоналар, конференция зали, мустақил қувватлаш блоки, машғулотлар заллари, сауна, душ, кийиниш хоналари ва қайта тикланиш марказлари спортчилар ихтиёрида. Қарийб 80 гектар майдонда жойлашган иншоотда нафақат Ўзбекистон чемпионатлари, балки «Самарқанд юлдузлари» халқаро турнирлари, Жаҳон кубоги босқичлари, эшкак эшиш, байдарка ва каноэда «Челенжер» ва «Фючерс» мусобақаларининг босқич беллашувлари анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Триатлон ва велосипед бўйича нуфузли халқаро мусобақаларни ўтказувчи ташкилотчилар ҳам бу жойни маъқул кўришмоқда. Айтганча, қадимий шаҳарда спорт қайиқлари ва анжомлари ишлаб чиқарадиган корхонанинг Польшанинг таниқли қурилиш корхоналари томонидан бунёд этилишида ҳам Валерий Қодировнинг бевосита ҳиссаси бор.

Ўша йилларда деярли барча шаҳар ва туманларда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари қатори Тойлоқ олимпия захиралари коллежи ҳам ташкил этилди. Унинг ўқувчилари орасида академик эшкак эшиш, юнон-рум ва эркин кураш каби спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқа бошлади.

Валерий Мамажонович 2013 йилда яхши бир ташаббус  билан чиққан эди. У «Динамо» футбол клуби қошида янги музей ташкил этиб, жамоа билан биргаликда қўлга киритган соврин ва мукофотларни бир жойга жамлади. Экспозицияда шахсий коллекциясидан ташқари, унинг сафдошларидан қолган эсдалик суратлар ҳам бор. 1915 йилларда Самарқанд футбол ишқибозлари ўртасидаги илк беллашувлар, шунингдек, Тошкент, Андижон ва Қўқон футбол жамоаларига қарши ўтган ўртоқлик учрашувлар ҳақидаги тарихий архив ҳужжатлари ҳам сақланмоқда.

Тимур НИЗАЕВ.