АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик келишувига эришилгани маълум қилинди, олдинда - ҳал қилувчи учрашув

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ ва Эрон ўртасида келишувга эришилганини эълон қилди. «Қизғин музокаралардан сўнг АҚШ ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида тинчлик келишувига эришилганини мамнуният билан маълум қиламиз. Келишувни расман имзолаш маросими 19 июнь куни Швейцарияда бўлиб ўтади», деб ёзди Покистон бош вазири.

Эрон ТИВ раҳбарияти ҳам меморандум матни тайёр бўлганини тасдиқлади ва яқин орада АҚШ билан келишув бўйича баёнот бериши кутилмоқда.
Келишувнинг асосий банди — барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан ва доимий тўхтатишдир. Шунингдек, АҚШ Эроннинг суверенитетини ҳурмат қилиш ва ички ишларига аралашмаслик мажбуриятини олади.

Келишувнинг асосий шартлари орасида барча фронтларда ўт очишни тўхтатиш, АҚШнинг Эронга қарши денгиз блокадасини бекор қилиши, Ҳурмўз бўғозини қайта очиш ва Эроннинг музлатилган маблағларини босқичма-босқич озод қилиш каби бандлар бор. Шунингдек, томонлар ядровий дастур бўйича алоҳида якуний келишув устида музокараларни давом эттириши керак.

Томонлар 60 кун ичида ядровий масала бўйича якуний келишувга эришиш учун музокараларни давом эттиради. Эрон ядровий қурол устида ишламаслик мажбуриятини тасдиқлайди, АҚШ эса янги санкциялар жорий этмаслик ва минтақадаги ҳарбий иштирокини кенгайтирмасликни ваъда қилади.
Лойиҳада, шунингдек, Эрон иқтисодиётини тиклаш учун камида 300 миллиард долларлик дастур тайёрлаш, келишув ижросини назорат қилувчи механизм яратиш ва якуний ҳужжатни БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан тасдиқлаш назарда тутилган.

Келишув тузилгани ҳақида Президент Дональд Трамп ҳам маълум қилди ва денгиз блокадасини бекор қилиш, Ҳурмўз бўғози орқали кемалар ҳаракатини тиклаш бўйича кўрсатма берганини билдирди.
Кеча Теҳронда Қатар воситачилигида ўтган 17 соатлик музокаралар якунланганидан сўнг АҚШ ва Эрон келишувни имзолаш босқичига ўтади. Манбаларга кўра, томонлар бундан аввал Дохада тайёрлов учрашувларини ўтказади, расмий имзолаш маросими эса 19 июнь куни Женевада бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Имзолаш маросимида Эрон номидан парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, АҚШ томонидан эса вице-президент Жей Ди Вэнс иштирок этиши кутилмоқда.
Агар маросим ўтказилса, бу Вашингтон ва Теҳрон ўртасида сўнгги 47 йилдаги энг юқори даражадаги учрашувлардан бири бўлади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.