Солиқ идораси қўлланилган молиявий жарима бекор қилинди
Каттақўрғон тумани адлия бўлими томонидан туманнинг Омонбойкўприк маҳалласи Ёноқ қишлоғида яшовчи фуқаро С.Б.нинг туман солиқ инспекцияси томонидан асоссиз равишда жарима қўлланилганлигидан норози бўлган аризаси кўриб чиқилди.
Аниқланишича, С.Б.нинг фарзанди раҳбарлик қилаётган “Бобур ҳалол балиқлари” фермер хўжалигига туман солиқ инспекциясининг қарори билан 156 миллион 465 минг сўм молиявий жарима қўлланилган.
Мурожаатни кўриб чиқилиши жараёнида фермер хўжалигида ўтказилган сайёр солиқ текшируви давомида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаганлиги, молиявий жарима қўллаш ҳақидаги қарорга асоссиз маълумотлар киритилганлиги, тахминий маълумотларга асосан жарима қўлланилганлиги аниқланган.
Шу сабабли фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб Каттақўрғон тумани солиқ инспекцияси хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф, деб топиш ва қўлланилган жаримани бекор қилиш мажбуриятини юклаш ҳақида Самарқанд туманлараро маъмурий судига даъво ариза киритилган.
Натижада Самарқанд туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорига асосан “Бобур ҳалол балиқлари” фермер хўжалигига туман солиқ инспекцияси томонидан қўлланилган молиявий жарима бекор қилиниши таъминланди.