Депутатлар мактабда инклюзив таълим ва амалий лойиҳалар билан танишди
ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Абдуллаева ўз сайлов округида жойлашган 60-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида меҳнат ва таълим жараёни билан танишди.
Мазкур муассасада ҳозирда 268 нафар ўқувчи таълим олиб, улардан 95 нафари қиз болалардан иборат. Мактабда 2025 йилда инклюзив таълим йўналишида қатор ислоҳотлар амалга оширилган ва жорий йилда 9 нафар ўқувчи инклюзив мактабларга интеграция қилинган. Шунингдек, 2024–2025 ўқув йили натижаларига кўра, 12 нафар битирувчидан 6 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинган, қолган 6 нафари иш билан таъминланган. Икки нафар ўқувчи инглиз тилидан CEFR сертификатига эга бўлган.

Спорт соҳасида ҳам мактаб ютуқларга эришмоқда. Масалан, 10-синф ўқувчиси Рушана Жалолова “Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг Республика босқичида енгил атлетика бўйича биринчи ўринни қўлга киритиб, икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Бундан ташқари, мактабда амалий меҳнат ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган “Пойабзал ишлаб чиқариш” лойиҳаси доирасида 15 нафар ўқувчи фаол иштирок этмоқда. Бу лойиҳа ёшлар учун ижодий фикрлаш ва амалий тажрибага эга бўлишда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари С.Батурова депутат Наргиза Абдуллаевага таълим жараёни ва ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича бир қатор таклифларни тақдим қилди. Депутат таклифларни атрофлича ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Шунингдек, депутат ташаббуси билан мактаб ўқувчилари учун махсус чуқурлаштирилган кўрик (диагностик баҳолаш) ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу ташаббус ўқувчиларнинг имкониятларини аниқ баҳолаш, индивидуал ривожланиш режаларини шакллантириш ҳамда таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.