Ариқни ифлослантирган ва ер майдонини ноқонуний равишда шудгор қилаётган шахслар жаримага тортилди
Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция томонидан туман ҳудудида олиб борилган рейд кузатувлари давомида Учтепа маҳалласида яшовчи фуқаро Х.И. ўз хонадонида ҳосил бўлган чиқинди сувларини маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқ сувига оқизиб, сувни ифлослантирганлиги аниқланди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 72-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 669.000 сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, бугун Оқдарё тумани Янгикент маҳалласи, Холдор қишлоғидан оқиб ўтувчи "Қорадарё" дарёсининг ўнг қирғоғининг муҳофаза зонасида фуқаро Т.С. экин қилиш мақсадида 0,25 гектар ер майдонини ноқонуний равишда бузиб, шудгор қилаётганлиги аниқланди.
Фуқарога ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 82-моддаси 2-қисмига асосан 2.230.000 сўм жарима белгиланди.
Бу ҳақда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар берди.