Электр энергияси тўловингизга чеклов ўрнатилдими?
Унда маиший чиқиндидан бўлган қарзингизни тўлаб қўйишингиз шарт
Маиший чиқинди муаммоси бутун дунёда долзарб экологик масалалардан бирига айланди. Аҳоли сонининг ортиши, саноат ва истеъмолнинг жадал ривожланиши натижасида чиқиндилар миқдори йил сайин кўпайиб бормоқда. Агар бу муаммога ўз вақтида ечим топилмаса, атроф-муҳит, инсон саломатлиги ва иқтисодиётга жиддий зарар етказиши мумкин.
“Тоза ҳудуд” давлат муассасаси вилоятимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш фаолияти билан шуғулланса-да, сўнгги вақтларда шаҳар ва туманларда давлат-хусусий шериклик асосида хизмат қилаётган корхоналар сони ҳам ортиб боряпти. Мазкур корхона Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди. Айни пайтда ташкилотнинг Булунғур, Қўшработ, Жомбой, Оқдарё, Тойлоқ, Иштихон, Ургут, Паст Дарғом туманларида филиаллари томонидан 509 та маҳалладаги чиқинди ташиб чиқарилмоқда.
- Махсус чиқинди ташувчи техникаларимиз имкониятидан келиб чиқиб, 288 та маҳалла билан оммавий шартномалар тузилган, – дейди “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси бошлиғи Бахтиёр Латипов. – Ҳозирда 48 мингга яқин аҳолига 145 та махсус техника ёрдамида хизмат қиляпмиз. Уларнинг барчасига онлайн кузатиш ускуналари, жорий йилда эса 130 тасига кузатув камералари ўрнатилди. Натижада ҳар бир махсус техникани кузатиш имконияти яратилиб, ҳайдовчиларнинг режадан ташқари ҳаракати олди олинди.
Жорий йилда Ургут, Паст Дарғом, Жомбой, Тойлоқ туманларига 5 дона янги махсус техникалар лизинг асосида харид қилиниб, моддий-техник базаси кучайтирилди. Аҳоли қамровининг ошиши натижасида “Тоза макон” тизимига яна 2073 нафар абонент қўшилиб, уларнинг сони 50,6 минг нафарга кўпайди. Бироқ уларнинг барча аҳоли пунктларини қамраб олишига имконияти етмаяпти. Филиалларда чиқинди тўпловчи қути ва контейнерлар, ишчилар, ташувчи махсус машиналарнинг етишмовчилиги бунга халал беряпти. Бугунги кунда ташкилот билан ўзаро шартнома имзолаган маҳаллаларнинг барчасини тўлиқ қамраб олиш учун яна қўшимча 80 та махсус техника талаб этилади.
“Тоза ҳудуд” давлат муассасаси олдида турган муаммолардан бири ташкилотнинг солиқлар ва мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлигидир. Шунингдек, чиқиндиларни тўплаш полигонларидан йиллар давомида йиғилиб келган қарзларини ҳам ўз вақтида тўлай олишмаяпти. Натижада ташкилотнинг шаҳар ва туманлардаги филиалларига қарашли чиқинди ташувчи техникалар қарздорлик бартараф қилинмагунча Мажбурий ижро бюроси томонидан жарима майдонига олиб қўйилмоқда. Бу ҳолат эса хизмат кўрсатиш сифатига, тушум ва режалар бажарилишига салбий таъсир кўрсатиб, аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
- 2026 йилда аҳолига чиқиндиларни тўплаш хизматини кўрсатишдаги қамровни ошириш мақсадида қўшимча 20 та “Исузу” русумли, сиғими 7 куб бўлган махсус техникани лизинг асосида олишни режалаштирганмиз, - дейди Бахтиёр Латипов. – Шунингдек, ташкилотимиз билан оммавий шартнома тузган маҳаллаларда жойлашган кўп қаватли уйлар ва чиқинди йиғиш майдончаларига қўшимча 200 дона контейнер ўрнатамиз. Натижада абонентларимиз сони 200 минг нафарга етади.
- Яқинда уйимизда электр энергияси ўчиб қолди, кечгача кутсак ҳам чироғимиз ёнмади, – дейди булунғурлик Шербек Раҳмонқулов. – Эрталаб гап нимада эканлигини билиш учун туман ҳудудий электр таъминоти бўлимига бордим. У ерда менга ўхшаб электрга пул тўлолмай юрганлар сони анчагина экан. Билсам, чиқиндидан қарзимиз борлиги учун “ақлли ҳисоблагич”имиз тўловни қабул қилмаётган экан. Телефоним бузуқлиги учун “Тоза ҳудуд” биллинг дастуридан келган огоҳлантиришни кўрмай қолибман. Бир йилдан буён чиқиндидан қарздор бўлган эканмиз.
Янги тартибга кўра, эндиликда чиқиндидан қарзи бўлган фуқароларнинг электр энергиясига тўлов қилиши чеклаб қўйилган. Бундай қадам ташлашга қарздорлар ўз вақтида тўлов қилмагани сабаб бўляпти. Вилоятимизда ҳам шу амалиёт бошланди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд филиали томонидан маиший чиқиндидан 2 миллиард 414 миллион сўм қарзи бўлган 9791 нафар истеъмолчининг электр энергиясига тўлов қилишига вақтинчалик тақиқ қўйилди. Жумладан, Булунғур туманида 1639 нафар, Жомбой туманида 2367 нафар, Паст Дарғом туманида 533 нафар истеъмолчига шундай чора кўрилди. Чиқиндидан қарздорларга дастлаб электр учун тўлов қилишни чеклаш ҳақида СМС огоҳлантиришлар юборилади. Беш кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, тўлов қилиш чекланади.
2025 йилнинг 1 декабрь ҳолатида аҳолига кўрсатилган хизматлар учун ташкилотнинг дебитор қарздорлиги 14,8 миллиард сўмни ташкил этган. Қарздорлиги бўлган 29827 нафар абонент огоҳлантирилган. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Адолат” дастури бўйича фуқаролик судлари орқали 4,3 миллиард сўм қарздорлик ундирувга йўналтирилди.
Яна бир гап. 2026 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматлари учун тўловлар фақат онлайн тарзда амалга оширилиб, тўловларни уйма-уй ундириш амалиёти тўхтатилди. Истисно тариқасида, интернет алоқаси бўлмаган, олис ҳудудларда яшовчилар банк кассалари ва «Ўзбекистон почтаси» орқали тўлов қилса бўлади. Истеъмолчи томонидан қарздорлик бартараф этилиши биланоқ вақтинчалик чеклов ечилади.
Ҳозирда “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси қарздорликни ундириш мақсадида маҳалла ва қишлоқларда ўтказилаётган сайёр қабулларда, ижтимоий тармоқларда тўлов маданиятини ошириш борасида турли тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Дилмурод Тўхтаев.