Шаҳар ҳокимлиги “Чашма” ариғи атрофидаги хароб ҳолат назоратга олинганини айтмоқда
Zarnews`да вилоят кенгаши депутатининг Самарқанд шаҳри "Фидокорлар" маҳалласидаги чиқиндилар билан боғлиқ маълумоти эълон қилинган эди.
Депутат ўз сўзида ҳудуддаги антисанитар ҳолатга эътибор қаратаркан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ҳамда Самарқанд шаҳар давлат санитария-эпидемиология ва осойишталик маркази бўлими олдига саволлар қўйган
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.
"Муаммо шаҳар ҳокимлиги томонидан тезда назоратга олиниб, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими масъуллари томонидан ўрганилди. Шу куннинг ўзида атроф тўпланиб қолган чиқиндилардан тозаланди. Шунингдек, ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди."
Муносабатда шаҳар ҳокимлиги муаммога аҳоли ҳам айбдорлигини билдирган. Қайд этилишича, "бундан олдин ҳам ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли билан бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилган ва чиқинди ташиш машинаси орқали чиқиндилар олиб кетилган. Бироқ фуқаролар томонидан амалга оширилаётган бу каби хунук ҳолатлар тез-тез такрорланиб турибди".
Ҳокимлик сайтида эълон қилинган муносабатда фуқаролардан хонадонларидан чиқаётган чиқиндиларни дуч келган жойга ташламасдан махсус машиналар ва қутиларига ташлашликлари сўралган.