Инсоният энди Ойни ифлослантиряпти

Ойга қўнаётган космик аппаратлар чиқараётган метан газининг ярмидан кўпроғи Ой ҳудудларини ифлослашга қодир экан.

Бундай хулосага Европа космик агентлиги (ESA) олимлари олиб борган тадқиқот натижасида келинган. Илмий иш натижалари Journal of Geophysical Research: Planets журналида эълон қилинган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, айниқса, Ой қутбларида жойлашган доимий сояланиб турадиган ҳудудларнинг ифлосланиши катта хавф туғдиради. Чунки бу ҳудудларда миллиардлаб йиллар аввал кометалар ва астероидлар орқали келиб қолган органик молекулалар муз қатламларида сақланиб қолган бўлиши мумкин. Ушбу «пребиотик органик молекулалар» ҳаёт шаклланиши учун асос бўлиши мумкин бўлган, Ерда эса излари аллақачон йўқолиб кетган моддалар ҳисобланади.

Олимлар «Аргонавт» миссияси мисолида ўтказган симуляцияларга кўра, чиқинди газ таркибидаги асосий органик бирикма — метан молекулалари Жанубий қутбдаги қўниш ҳудудидан Ойнинг Шимолий қутбига икки ой кунидан кам вақт ичида етиб бориши мумкин.

Етти ой куни давомида (тахминан етти ойга тенг Ер вақтида) чиқарилган метаннинг ярмидан ортиғи қутблардаги «совуқ тузоқлар»га йиғилади: 42 фоизи Жанубий қутбда, 12 фоизи эса Шимолий қутбда тўпланади.

Мутахассисларнинг фикрича, инсоният космосга киритилган сармояларни ҳимоя қилишга ҳаракат қиляпти. Аммо бу фаолият космос илмига оид тадқиқотларга тўсқинлик қилиши мумкин.