Пойтахтдан келган депутат қишлоқдаги ёш тадбиркор корхонасига борди, ҳудуддаги ногиронлиги бор шахсга кўмак берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасурбек Шодиев Пахтачи туманида бўлиб, бир қатор ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишди.

Депутат дастлаб тумандаги Тараққиёт маҳалласида маҳалла еттилиги фаолиятини ўрганиб, фаоллар, нуронийлар, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Навбатдаги манзил — Қурбон Ражабов номли оилавий шифокорлик пункти бўлди. Халқ вакили тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириб, фуқаролар билан мулоқот қилди, уларнинг мурожаатларини, таклифларини тинглади.
Мулоқотлар чоғида сайловчилар қонун ижодкорлигига оид янгиликлар, бир қатор қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, яқинда кучга кирган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида депутат "Камалак" номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болажонлар учун яратилган шароитлар, қулайликларни кўздан кечирди. Боғча мудиралари билан суҳбатлашиб, таълим соҳасида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берди.

Ж.Шодиев мазкур маҳаллада яшовчи ёш тадбиркор Беҳруз Жамоловнинг фаолияти билан ҳам танишди. Фуқаро 33 миллион сўм кредит олиб, бир минг беш юзта товуқ боқиб, ҳар 40 кунда 12 млн сўмгача соф даромад қиляпти. Суҳбат жараёнида тадбиркор юртимизда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётганини алоҳида қайд этди. Айниқса, Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар, берилган имтиёз ва имкониятлар соҳа вакилларига ғайрат-шижоат бағишлашини таъкидлади.

Мазкур учрашувлар давомида халқ вакили маҳалладаги ижтимоий кўмакка муҳтож II гуруҳ ногирони Бобошер Нормуродовнинг яшаш шароитини ўрганди. Фуқаро депутатга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва ногиронлик аравачаси учун миннатдорлик билдирди.