Чароғбонда депутат ташаббуси билан аҳоли бандлиги таъминланмоқда
Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Халқ депутатлари Тойлоқ тумани Кенгашининг 25-Янги Тойлоқ сайлов округи депутати Матлуба Аминованинг ташаббуси билан маҳаллада яшовчи фуқаро Мартаба Раҳмоновага “Халқ” банки орқали 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, уй боғчаси ташкил этилди. Бугун мазкур мактабгача таълим маскани 40 нафар болани қамраб олиб, маҳалладаги хотин-қизлар учун янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, депутат ташаббуси билан ҳомийларни жалб этган ҳолда, турмуш ўртоғидан айрилиб, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган Манзура Пардаевага ҳам кўмак кўрсатилди. Маҳалладаги 2 сотих ер майдонида уй-жой қуриб бериш ишларига бош-қош бўлинди.
Чароғбон маҳалласида депутатлик ташаббуси билан аҳоли муаммоларини ҳал этишга, хотин-қизларни касб ва тадбиркорликка жалб қилишга, бандликни таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартиришга аҳамият берилмоқда. Зеро, ҳар бир янги иш ўрни — бир оиланинг даромади, ҳар бир қўллаб-қувватланган ташаббус эса маҳалла фаровонлиги учун муҳим қадамдир.
Гулшода Ражабова,
Халқ депутатлари Тойлоқ тумани Кенгаши бош мутахассиси.