Ақлли ўриндиқ ва бекатлар яратган тадбиркор

Пахтачи туманида туғилиб, бугун Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган ишбилармон ёшлардан бири Бобуржон Астанов бундан уч йил аввал  “Ақлли ташқи ўриндиқлар” (“SamEcoBench”) лойиҳасига асос солди. Ушбу стартап лойиҳани амалга оширишдан мақсад нима? Унинг яратилиш тарихи қандай? Шу саволларга жавоб олиш мақсадида ёш тадбиркор билан суҳбатлашдик.

— Дўстларим билан бир вилоятга саёҳатга бордик, — дейди у. — Гаджетларимизнинг қуввати тугаб қолди. Ҳудуддаги бир неча дўкон ва ошхона эгаларига мурожаат қилдик. Улар хизматларидан фойдалансаккина гаджетни қувватлаб олишимиз мумкинлигини айтишди. Шундан кейин менда “нега кўчаларимизда аҳоли ёки сайёҳлар смартфонларини бепул ва беминнат қувватлаб олиш имконияти йўқ”, деган савол туғилди.

Халқимиз ва меҳмонлар учун ана шундай имкониятни яратиш мақсадида Бобуржон жамоа шакллантириб, хориж тажрибасини ўрганишга киришди.

— Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, Хитой кўчаларида ўрнатилган ақлли ўриндиқлар эътиборимизни тортди, — дейди Б.Астанов. — 2023 йилда худди шундай намуна яратишга ҳаракат қилдик. Аммо у мамлакатимиз иқлимига тўғри келмади. Шунинг учун маҳаллий шароитга мос ақлли ўриндиқ ишлаб чиқишга киришдик ва буни уддаладик.

Бошида Бобуржон учун стартап лойиҳани амалга ошириш осон кечмади. Бир қанча қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келди.

— Фаолиятимизни бошлаганимизда, янгилик яратдик, маҳсулотимиз бозорда тез ўз ўрнини топади, деб ўйлагандик, — дейди қаҳрамонимиз. — Аммо адашган эканмиз. Стартап лойиҳа ўзига бозор яратиши керак экан. Дастлаб бундай лойиҳаларга эътибор суст эди. Кейинги йилларда мамлакатимизда кенг имкониятлар яратила бошлади. Фаолиятимизни кенгайтирдик. “Ақлли ўриндиқлар”дан кейин “Ақлли бекат”лар ҳам яратдик.

Яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда стартап лойиҳа билан турли танловларда иштирок этдик. Қорақалпоғистонда ўтказилган халқаро “Green Spark” танловида ғолиб бўлиб, 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни қўлга киритдик. Халқаро кўргазмаларда лойиҳамиз ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. 2025 йилда ўтказилган “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро кўргазмасида ҳам қатнашдик. Республика “Яшил ҳудуд” ташкилоти билан қарийб 1 миллиард сўмлик шартномалар имзоладик ва маҳсулотларимизни мамлакатимизнинг турли ҳудудларига етказиб бериш имкониятига эга бўлдик.

Вилоятда стартап лойиҳа орқали корхона ташкил қилган ягона ёш тадбиркор Бобуржон Астанов бугун Самарқанд шаҳридаги “Rem.ok.solar” корхонаси вакиллари билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

— Хорижда ишлаб чиқарилган гелиоколлекторлар (сув иситгичлар)ни мамлакатимиз иқлимига мослаштириш бўйича стартап лойиҳаларни амалга оширяпмиз, — дейди “SamEcoBench” ва “Rem.ok.solar” корхоналарининг бош техник муҳандиси Шоҳжаҳон Астанов. — Масалан, Хитойда ишлаб чиқарилган сув иситгичларида ҳароратни бир меъёрда ушлаб турувчи қурилмаларни иқлимимизга мослаштириш, электр энергиясида узилиш бўлган тақдирда ҳам қуёш панеллари орқали ишлашини таъминлаш устида иш олиб боряпмиз.

Бобуржон Астановнинг фаолияти шуни кўрсатадики, оддий ҳаётий муаммодан бошланган ғоя изланиш, сабр ва билим орқали мамлакат миқёсидаги инновацион лойиҳага айланиши мумкин. “SamEcoBench” нафақат қулайлик яратаётган стартап, балки экологик барқарорлик, яшил технологиялар ва ёш тадбиркорлик ривожига хизмат қилаётган муҳим ташаббусдир.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Эъзоза МЕЙЛИЕВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (видео+фото).