Қиш олдидан янада масъулият: Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади

Вилоят прокурори Муродқосим Эшназаров қиш мавсумини беталофат ўтказиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги назорат тадбирлари ва келгусидаги вазифалар юзасидан аҳолига мурожаат қилди

Мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашда куз-қиш даврига муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 июлдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2025-2026 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Жумладан, ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари ҳамда ичимлик суви билан барқарор таъминлаш, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва ёқилғи таъминотидаги муаммоларни аниқлаш, уларни тезкорлик билан бартараф қилиш, қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан тегишли чоралар кўриш орқали қиш мавсумини беталофат ўтказилишини таъминлаш бўйича Самарқанд вилоят штаби ташкил қилинган.

Мазкур штабда “1055”  қисқа рақами ташкил қилиниб, мурожаат ва таклифлар туну-кун қабул қилинмоқда.

Йилдан-йилга табиий ресурсларнинг камайиб бориши, электр энергияси ва табиий газга бўлган талабнинг ортиши кузатилаётганда, унинг самарадорлиги ва тежамкорлиги ҳам ўта муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Энергетика соҳасида давлат назоратини амалга ошириш жараёнида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйиш, шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан давлат назорати таъминланмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 24 майдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонига кўра вилоятда энергия самарадорлигига эришиш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда талон-торожликларнинг олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Мазкур чора-тадбирлар ижросини таъминлаш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

2025 йилнинг ўтган даврида ўтказилган рейд тадбирлари натижасида жами 12 353 та (табиий газ – 3 290 та, электр энергияси – 9 061 та) ноқонуний  ҳолатлар фош этилиб, таъминотчи корхона  ва ташкилотлар манфаатларига 78 миллиард 38 миллион сўм (табиий газ – 26 млрд. 923 млн. сўм, электр энергияси – 51 млрд. 114 млн. сўм) зарар етказилганлиги аниқланиб, айбдорларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.

Ўтказилган назорат тадбирларида қонун бузилиши ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида

76 та тақдимнома киритилди, 478 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. 194 нафар масъул интизомий, 68 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 90 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича айбдорларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Бироқ бу ҳолатларнинг олди олинмаса, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилмаса, қиш мавсумини беталафот ўтказишга салбий таъсирини кўрсатади.

Вилоятда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ҳамкорликдаги тадбирлари давом этмоқда.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг аксарият қисми истеъмолчилар томонидан электр ва газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисоблагич кўрсаткичларини қасддан камайтириш мақсадида унга ташқи таъсир кўрсатиш, ҳисоблагич пломбаларини истеъмолчилар томонидан бузиш, ўзбошимчалик билан ҳисоблагични алмаштириш билан боғлиқ бўлмоқда.

Ҳурматли вилоятимиз фуқаролари!

Вазирлар Маҳкамасининг 319-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”га асосан қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган фуқароларга энергия ресурслари амалдаги тариф нархининг 3 баробар ўсувчи коэффициенти ҳамда умумий даъво муддати даври 3 йилдан ошмаган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Шу боис, вилоятимиз аҳолисидан бу каби қонунбузилиши ҳолатлари келиб чиқмаслиги учун қонуний асосларга кўра, давлат хизматлари орқали тармоққа уланиш ҳусусида таъминотчи корхоналарга мурожаат қилиб, энергия ресурсларидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиш мақсадга мувофиқлигини эслатиб ўтамиз.

Эътиборимизни қаратиш лозим бўлган яна бир ҳолат, энергия ресурслари сарфини камайтириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, муқобил энергия улушини кўпайтиришни таъминлаш орқали уларни иқтисод қилиш ҳозирда энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 90,9 мегаватт қуёш панеллари, 116,8 минг литр гелиоколлектор, 538 та реактив компенсаторлар ўрнатилиши таъминланди.

Куз-қиш мавсумида табиий газ етиб бормаган 695 маҳалла ва 429 та ижтимоий соҳа объектига жами 6981 тонна суюлтирилган газ ҳамда 100 минг тонна кўмир етказиб берилди.

Энергия ресурсларидан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланмасак, таъминот барқарорлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда бу борадаги жараёнларни рақамлаштириш бўйича Президентимиз томонидан яратиб берилган ва берилаётган имкониятлардан кенг фойдаланмоғимиз зарур.

Бу борадаги ишларни янада самарали рўёбга чиқариш учун эса прокуратура органлари, аввало, кенг жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар вакиллари, журналист ва блогерлар, энг муҳими, ҳар бир фуқаронинг кўмаги ва узвий ҳамкорлигига таянади.

Ҳурматли самарқандликлар!

Прокуратура органлари вилоятдаги барча корхона ва ташкилотлар томонидан ўзларига юклатилган функционал вазифаларни бенуқсон бажаришларини таъминлаш, қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, қонунни бузган айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш орқали қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун барча куч ва воситаларни сафарбар қилади.