Самарқандда нуфузли форум бошланди
“Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форум иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган нуфузли анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига мурожаатини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда мамлакатимизда наркожиноятларга қарши курашиш ва бу иллатнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, гиёҳвандликнинн барвақт олдини олиш, самарали даволаш, наркожиноятларга қарши курашиш йўналишида 50 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилган. Шунингдек, бу борадаги ишларни такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Форумда БМТ наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқармаси ижрочи директори Бо Матиасен сўзга чиқди.
Форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ҳамда бошқа 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, 50 га яқин давлатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва 500 дан кўпроқ халқаро экспертлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашмоқда.