Самарқандда ариққа чиқинди ташлаётган фуқаролар жаримага тортилди

Самарқанд шаҳридаги "Оби-машад" коллекторини тозалаш жараёни давом эттирилмоқда.

Бугун 3 апрель куни шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК мутасаддилари томонидан "Оби-машад" коллектори атрофини чиқиндилардан тозалаш ишлари ўрганилаётган пайтда Кафтархона маҳалласи ҳудудидан ўтувчи канал қирғоқига ноқонуний равишда чиқинди тўкаётган, Бобур Р. бошқарувидаги 30 N 610 КА давлат рақамли “Зил” юк автомобили тўхтатилди. Маҳалла профилактика инспектори ушбу ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Шунингдек, маҳаллада яшайдиган фуқаролар Азиз Ҳ. ва Рустам Ф.лар хонадонида боқаётган чорва моллари ахлатини канал қирғоғига чиқариб, ҳудуд экологиясига зарар етказгани учун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш шаҳар инспекцияси ходимлари томонидан жаримага тортилди.

“Самарқанд шаҳридаги ариқ ва каналларни озода сақлаш шу ҳудудда яшаётган аҳолининг экологик маданиятига боғлиқ. Агар ҳар битта хонадон соҳиби ўз атрофи ободончилиги учун масъулликни ҳис этмас экан, экологик муҳит барқарорлиги таъминланмайди”, дейилади Самарқанд шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Б.Насриев берган хабарда.