“Энг тоза маҳалла”га электромобиль: муносабатни ўзгартирадиган чора ва механизмлардан хабардормисиз?
Бунга асос бўлувчи Президент фармони билан танишаркансиз, асосий мақсад аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар сифатидан тўлиқ қонишини таъминлаш эканлигига гувоҳ бўласиз.
Тўғри, асосий ўзгаришлар йилнинг иккинчи чораги - 1 апрелдан амалга оширилади. Аммо ижобий кутилмаларга умид берувчи янгиликлар кўп. Асосийси, тизим ҳам барқарор ишлаши, хизмат сифатли кўрсатилиши чоралари кўрилмоқда.
Энди “Тоза ҳудуд” ДУК бўлмайди
Жорий йил 31 декабрга қадар ушбу корхона фаолият олиб бораётган ҳудудлар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида санитар тозалаш корхоналарига берилади.
Уларда чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш технологиялари мавжуд бўлиши шарт. Камида 20 та махсус техникалари бўлган корхоналарга танловда устуворлик берилади.
Барча санитар тозалаш корхоналари Ягона электрон тизим орқали хизмат кўрсатади. Тизимга уланмаган корхоналар билан шартнома бекор қилинади ва улар хизмат кўрсатадиган ҳудудлар давлат-хусусий шериклик асосида бошқа корхонага берилади.
Бундан ташқари, чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритиш фақатгина Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази биллинг тизими, электрон тўлов тизимлари ёки тижорат банкларининг тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга оширилади.
Чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентлар SMS орқали хабардор қилиб борилади.
Электр учун тўлов қандай чекланади?
Қарздорлик бўйича огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаган шахсларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади.
Дастлаб жорий йил 1 июндан 6 ойлик қарздорлик учун вилоят марказларида бу иш амалга оширилади. Демак, йил якунигача ўзгариш жиддий муаммо келтириб чиқармаслиги мумкин.
Кейинроқ иккинчи босқич бошланади, яъни 1 ноябрдан 3 ойлик қарздорлик сабаб электр учун тўловларни қабул қилиш республиканинг барча ҳудудларида чекланади.
Бу амалиёт 3-босқичда жиддий тус олади - чеклов 2025 йил 1 январдан 1 ойлик қарздорлик учун амал қилади.
Англаганингиздек, келгуси йилдан чиқиндидан қарзни тўласангизгина электр таъминоти билан муаммо бўлмайди.
Чиқинди, уни ташлаганлар “пулланади”
Фармонда ҳосил бўлаётган чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини кескин ошириш мақсад қилинган. Бунда “ноль чиқинди” тамойилига эришиш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш чоралар кўрилади.
Мисол учун, жорий йил 1 июлгача ҳудудларда аҳолига чиқиндиларни тоифаларга ажратиб тўплаши учун QR-кодли бепул пакетлар берилишини эшитгансиз.
2024–2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарлари ва Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар ҳудудларидаги чиқиндиларни йиғиш майдонларида чиқиндилар «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғилади.
Ушбу ҳудудлардаги кўп қаватли уйларнинг чиқинди йиғиш майдонларида қоғоз, пластик чиқиндилар, қора ва рангли металл чиқиндилар, шишалар, тўқимачилик материаллари, резина каби чиқиндиларни сотиб олиш йўли билан қабул қилиш ташкил қилинади. Яъни, келгусида фуқаролар чиқиндини шунчаки ташлаб юбормайди, балки пуллайди.
Радарлар экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд қилиши ҳақида аввал ёзгандик. Энди аҳоли ҳам ўз ташаббуси билан чиқиндихонага айланган ёки чиқиндилар ноқонуний ташлаб кетиладиган ҳудудларга ўз ҳисобидан фото ва видео воситаларини ўрнатиши мумкин бўлади. Бунда ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизини мукофот сифатида олади.
Рағбатлантириш механизми
Чиқинди юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш билан шуғулланувчи ишчилар, экофаоллар ва жамоатчилик экология назоратчиларига 100 тадан велосипед ҳамда бошқа мукофотлар берилади.
Ҳар йили 10 йиллик тажрибага эга ва садоқатли хизмат кўрсатган ходимлар учун «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танлови ўтказилади. Мазкур ходимлардан 100 нафарининг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади.
Бу икки тадбир Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳар йили ҳукумат белгилаган тартибда «Энг тоза маҳалла» танлови ўтказилади. Танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, ижтимоий объектларга чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун 500 миллион сўмдан пул берилади.
Шунингдек, хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль топширилади.
Жавобгарлик кучайтирилади
Ҳужжатда 1 апрелгача жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича норматив ҳужжатларни тайёрлаш белгиланган.
Хусусан, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш учун жарима миқдорини ошириш ва ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролини мусодара қилиш (масалан, чиқиндини машинада ташлаб кетса, машина мусодара бўлиши мумкин), чиқиндилар ташлаб кетилган жойни тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш мажбуриятини юклашга оид қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, чиқинди тўплаш майдончаларидан чиқиндиларни ноқонуний тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Ҳудудларни тозалашга масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўз мажбуриятини бажармаганлиги учун атроф-муҳит ифлосланганлиги учун жавобгарлик киритилади.
Нархни депутатлар тасдиқлайди
Аслида кўпчиликни қизиқтирадиган масала маиший чиқиндилар учун тариф ёки тўлов суммаси бўлиши табиий. Фармонда бу борада ҳам аниқ механизм белгиланган. Жумладан, ҳар бир санитар корхонаси ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуднинг маиший чиқинди хизматлари учун тўлов суммаларини ишлаб чиқади.
Республика маркази тўлов суммалари асослантирилганлигини ўрганиб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий органларига киритади. Улар берган хулоса билан вилоят ҳокимлигига тақдим қилади.
Ҳокимлик 20 кун ичида (1-20 ноябрь) тарифларни халқ депутатлари вилоят Кенгашига киритади. Санитар корхоналарга кейинги йил учун тўловлар Кенгашнинг 1 декабрга қадар қабул қилинган қарори асосида амалга оширилади.
Ё.Марқаев тайёрлади.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.