Паст Дарғомда сувга мунтазам равишда қон ва ичак-чавоқ оқизган шахс ким экани аниқланди

Хабарингиз бор, кеча Паст Дарғом тумани Санчиқул маҳалласи фуқаролари мурожаати эълон қилинган эди.

Унда, маҳалладан оқиб ўтувчи ариққа фуқаролар мунтазам равишда ўлган ёхуд сўйилган чорва молларининг ичак-чавоқлари ва қони оқизилишини баён этган эди.

Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ушбу мурожаатни жойига чиқиб ўрганди.

Маълум қилинишича, Паст Дарғом тумани Санчиқул маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Ю ўз хонадонида ноқонуний равишда кушхона очганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат 2021 йил 5 ноябрь куни туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назорат инспекцияси ҳамда мутассадди ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича ўрганилиб, фуқаро Д.Юга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг тегишли моддаларига биноан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, ноқонуний фаолиятга эса чек қўйилиб, фуқарога бу каби ҳолат такрорланмаслиги юзасидан огоҳлантириш берилган.